Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қонун устуворлиги ва ижтимоий профилактика: маҳаллада хавфсиз муҳитнинг янги ҳуқуқий асоси
14:14 / 2026-02-18

Ҳуқуқий демократик давлат барпо этишда жиноятчиликка қарши курашиш сиёсати фақат жазо муқаррарлигини таъминлаш билан чекланиб қолмаслиги лозим. Асл ҳуқуқий ёндашув бу жиноятнинг оқибатлари билан эмас, балки уни келтириб чиқарувчи сабаблар билан курашиш.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил5 январдаги “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда айнан шу конституциявий тамойилни амалга оширишнинг мутлақо янги ҳуқуқий механизмини яратди. 

Ушбу механизм “Ижтимоий профилактика ҳафталиги” деб номланиб, у маҳаллаларда қонун устуворлигини таъминлашнинг самарали воситасига айланмоқда. Мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг юридик аҳамияти шундаки, у профилактика тушунчасини умумий тавсиялар ва чақириқлар даражасидан аниқ тартибга солинган мажбурий тизимга ўтказди. Эндиликда хавфсиз муҳитни яратишваколатли органлар учун шунчаки ихтиёрий ташаббус эмас, балки бажарилиши шарт бўлган қонуний мажбурият ҳисобланади. Қарорда белгиланган ҳафталиктушунчаси ташкилий, ҳуқуқий ва ижтимоий чора-тадбирларнинг яхлит тизими сифатида мустаҳкамланди. Бу тизимда ҳар бир давлат органининг вазифаси, жавобгарлик чегараси ва ҳаракатларкетма-кетлиги аниқ белгилаб берилган.

Тизимнинг ишлаш тартиби қатъий қоидаларга асосланади ва инсон омилини имкон қадар камайтиради. Ҳафталикмаъмурий буйруқбозлик асосида эмас, балки реал криминоген вазият таҳлилиасосида ташкил этилади. Илгари раҳбарлар қайси ҳудудда тадбир ўтказишни ўз хоҳишига кўра ҳал қилган бўлса, эндиликда бу ваколат чекланиб, аниқмезонларга асосланиш талаби қўйилди. Туман ва шаҳар ҳокимлари ҳар ойда вазият оғир, уч ва беш йилдан буён хавфли тоифада турган ёки ҳуқуқбузарликлар статистикаси кескин ошган маҳаллаларни аниқлаб, тегишли қарор лойиҳасини киритиши шарт. Бу ёндашув давлат ресурсларининг айнанҳуқуқий ёрдамга муҳтож ҳудудларга йўналтирилишини кафолатлайди.

Жараённинг ҳуқуқий табиати шундаки, унда турли ваколатга эга органлар, яъни ички ишлар, прокуратура, адлия, суд ва ижтимоий хизматлар ягона мақсад йўлида бирлашади. Ҳафталик доирасидаги энг муҳим йўналиш бу аҳолига малакали юридик ёрдам кўрсатишдир. Кўп ҳолларда маҳаллий даражадаги оддий маиший низолар ўз вақтида ҳуқуқий ечим топмагани сабабли оғир жиноятларга айланиб кетади. Масалага ҳуқуқий амалиёт нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, кўплаб маҳаллаларда ер участкаси чегараси, мерос тақсимоти ёки мулк ҳуқуқи бўйича узоқ йиллик низолар мавжуд бўлади. 

Бу ҳолат фуқаролик судига мурожаат қилиш ўрнига, ўзаро жанжал ва маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этиш даражасига етиши мумкин. Профилактика ҳафталиги доирасида ҳудудга бириктирилган адлия бўлими ходимлари, керак бўлса адвокатлар низонинг ҳуқуқий ечимини тушунтиради, кадастр ҳужжатларини қонунийлаштиришга кўмаклашади ва томонларни медиатив келишувга чақиради. Натижада низо судгача етиб бормай, қонуний майдонда ҳал этилади ва эҳтимолий жиноятнинг олди олинади. 

Қарор мантиқига кўра, ҳафталикнинг амалий қисмида энг кўп учрайдиган йўналишлардан бири – ҳуқуқий маслаҳат ва низоларни қонуний йўл билан ҳал этишга кўмак бериш. Мерос ва мулкни бўлишиш, алимент, уй-жойдан фойдаланиш, қарз муносабатлари, қўшничилик низолари, меҳнат шартномаси билан боғлиқ келишмовчиликлар шулар жумласидан. Фуқарога қайси орган ваколатли экани, қандай ҳужжатлар кераклиги, мурожаатни қандай расмийлаштириш лозимлиги жойида тушунтирилиши ва имкон қадар масаланинг ўша ернинг ўзида ҳал этилиши кўзда тутилади. 

Иккинчи муҳим йўналиш – оила-турмуш доирасидаги низолар ва зўравонлик хавфини камайтириш. Ҳафталикнинг амалий мазмуни шундан иборатки, муаммо эрта босқичда аниқланиб, психологик маслаҳат, ижтимоий хизматлар ва бошқа зарур чоралар орқали оғирлашиб кетишининг олди олинади. Бу жараёнда мувозанат муҳим: шахсий ҳаёт дахлсизлиги сақланган ҳолда хавфсизлик ва ҳимоя чоралари самарали ишлаши керак.

Учинчи йўналиш – бандлик ва ижтимоий мослаштириш. Меҳнат ярмаркалари, касбга йўналтириш, қайта тайёрлаш, ижтимоий хизматлар билан боғлаш каби чораларнинг амалий аҳамияти шундаки, улар криминоген омилларни камайтиради. Тўртинчи йўналиш – жамоат жойларида хавфсизлик шароитини яхшилаш. Ёритилмаган кўча, қаровсиз ҳудуд, ташландиқ бино ҳуқуқбузарлик учун қулай шароит яратиши мумкин. Шу сабабли ҳафталик доирасида бундай муаммолар ҳам аниқланиб, тегишли масъулларга вазифалар юкланади ва ижро муддати белгиланади. Ушбу жараёнда шаффофлик ва жамоатчилик назорати институти тўлиқ ишга солинган. Фуқароларнинг ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш мақсадида ҳафталик ўтказиладиган жой ва вақт оммавий ахборот воситаларида олдиндан эълон қилиниши шарт. Бу қоида давлат органларининг халқ олдидаги очиқлигини таъминлайди.

Энг муҳим янгиликлардан бири бу - ижро ҳокимиятининг вакиллик органлари олдидаги ҳисобдорлиги. Туман ва шаҳар ҳокимлари ҳафталик якунлари бўйича халқ депутатлари Кенгашларига ахборот бериши белгиланган. Бу норма давлат бошқарувидаги ўзаро тийиб туриш ва мувозанат тамойилининг маҳаллий даражадаги кўриниши бўлиб, мансабдор шахсларнинг масъулиятини оширади. Вазифаларини лозим даражада бажармаган раҳбарларга нисбатан интизомий ва бошқа турдаги қонуний жавобгарлик чоралари қўлланилиши тизимнинг самарадорлигини кафолатлайди. 

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, Ижтимоий профилактика ҳафталиги давлатнинг ўз фуқаролари олдидаги хавфсизликни таъминлаш бўйича конституциявий бурчини бажариш шаклларидан биридир. Бу механизм жиноятчиликка қарши курашни жазолаш сиёсатидан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қонуний манфаатларни таъминлаш сиёсатига ўзгартирмоқда. Зеро, ҳуқуқий давлатда тартиб ва осойишталикни сақлашнинг энг самарали воситаси куч ишлатиш эмас, балки қонун устуворлигидир.  

О.Ҳусанбоев,

Тошкент давлат юридик университети профессори,
Ф.Назаров,

ТДЮ Тадқиқот маркази илмий ходими