Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қонун устуворлиги ва инсон манфаатларини таъминлаш – муҳим масала
14:49 / 2021-10-20

Шу кунларда ЎзЭОАВМА томонидан ташкил этилган Халқаро медиа холлда кўплаб тадбирлар ўтказилмоқда. Ушбу тадбирларнинг асосий мақсади эса жорий йилнинг 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини холис ва ҳаққоний ёритишни таъминлашга қаратилган.

Бугун Халқаро медиа холлда бўлиб ўтган навбатдаги тадбир «Қонун устуворлигини, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш – мамлакат тараққиёти ва халқ фаровонлиги гаровидир» деб номланди.Унда сўз олган экспертлар суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг асосига қонун устуворлиги, фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, инсонпарварлик, адолатлилик ва айбсизлик презумпцияси каби принциплар пойдевор қилиб қўйилганини алоҳида қайд этди.ЎзА мухбири ушбу тадбирда иштирок этган экспертларнинг мавзу доирасидаги фикрларини ёзиб олди.– Суд-ҳуқуқ соҳаси бевосита инсоннинг қонуний манфаати билан чамбарчас боғлиқдир, – деди Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари Светлана Ортиқова. – Негаки, у ҳимоя қилади, мажбурлайди, судга оид ишларни қўзғайди, интизомий, жиноий, маъмурий жавобгарликка тортади. Хўш, унда инсон ҳуқуқи қай тарзда суд-ҳуқуқи идоралари томонидан ҳимоя қилинади? Мана шу масала жуда муҳим ва долзарбдир. Ўз-ўзидан савол туғилади: Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ соҳасида нима ишлар қилинди ва қандай ишлар амалга оширилмоқда? Инсоннинг ўзига, оиласига, маҳалласига, ишига ва ҳаттоки соғлигига бўлган муносабат ўзгарди. Инсоннинг давлат ва жамиятга нисбатан муносабати ўзгарди. Бугунги кунда давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак. 

Айнан шу мақсадлар сари мазкур соҳада қатор ўзгаришлар бугунги ҳаётимизда намоён бўлмоқда. Дейлик, илгари жиноятда гумонланувчи 72 соат ушланиб турган бўлса, ҳозир 48 соат ушланяпти. Бу дегани инсонни қонуний манфаати агарда жиноятни содир қилишда гумонланаётган бўлса, уни ушлаб туриш муддати қисқарди. Демак, соғлиғи, дунёқараши, оилавий муносабатига таъсир қилиши ҳисобга олинди. Афсуски, ҳар бир давлатда жиноятлар содир бўлиб туради.Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари Халилилло Тўрахўжаев «Судлар мустақиллиги: эришилган натижалар ва келгуси режалар» мавзуида ўз фикрларини билдирди.– Айтиш жоизки, ўтган беш йил давомида соҳани такомиллаштириш борасида 50 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди, – деди у. – Учта кодекс янгидан қабул қилинган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг «Судлар тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги қонунлар шулар жумласидандир. 

Шунингдек, судьялик лавозимларига номзодларни саралаш ва тайинлашнинг янги тартиб-таомиллари жорий этилди. Масалан, судья лавозимида бўлишнинг энг кичик ёшини 35 ёш, энг юқори ёшини туман ва вилоят судлари судья лавозимлари учун 65 ёшгача, Конституциявий ва Олий суд судьялари лавозимлари учун 70 ёшгача белгиланди.– Бугунги мавзу қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқлари масалаларига бағишлангани билан алоҳида эътиборга молик, – деди ЎзЭОАВМА бош директори Жаҳонгир Сафоев – Ушбу мавзу барча замонлар ва мамлакатлар ҳаётида муҳим ҳисобланади. Шу мақсадда биз бугун ушбу соҳа вакилларини таклиф этдик. Улар нафақат иштирокчилар учун, балки кенг жамоатчилик учун кейинги пайтда қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда қандай ўзгаришлар бўлгани ҳақида атрофлича маълумотлар берди.

 

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА