Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қонун устуворлиги қоррупцион ҳолатларга барҳам беради
13:57 / 2025-08-20

Бугунги кунда коррупцияга қарши курашиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган. Бу йўналиш нафақат қонун устуворлигини таъминлаш, балки жамиятда адолат, шаффофлик ва ишонч муҳитини яратади.

Давлат органлари ва ташкилотлари бу борада тизимли чора-тадбирларни қўллаб, ходимларни ҳуқуқий ва маънавий жиҳатдан тарбиялашга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Геология фанлари университети ҳузуридаги “Нефть ва газ конлари геологияси ҳамда қидируви институти” ДМда ташкил этилган коррупцияга қарши курашиш чораларига бағишланган тадбир ҳам ушбу устувор вазифалар ижросига қаратилди

Тадбирда сўз олганлар қайд этганидек, коррупцияга қарши курашиш барча соҳалар ривожида муҳим ҳисобланади. Мамлакатимизда бу жараён қонунлар ва давлат дастурлари асосида йўлга қўйилган. Жумладан, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун ва Президент фармонлари асосида махсус тизим ишламоқда

Институтнинг Коррупцияга қарши ички назорат бўлими етакчи мутахассиси Уйғунбек Бобоназаровнинг айтишича, ташкилотларда давлат харидлари жараёнидаги шаффофлик талаблари муҳим омил ҳисобланади. 

–Коррупцияга қарши курашиш нафақат ҳуқуқий мажбурият, балки маънавий бурчдир. Давлат хизматчилари шаффофликка амал қилиши, ўз вазифаларини ҳалоллик ва масъулият билан бажариши зарур. Шу орқали жамиятда адолат ва ишонч муҳитини қарор топтириш мумкин. Тадбирда иштирокчиларга давлат харидлари, тендерлар ва лицензия бериш жараёнлари очиқ ўтказилиши, ташкилотларда ички назорат бўлимлари фаолият юритиши ва ходимлар учун мунтазам ўқув машғулотлари ташкил қилиниши айтиб ўтилди. Бу эса ҳар бир ходим учун ўз мансабидан шахсий манфаат йўлида фойдаланишига йўл қўйилмаслигида муҳим кўникма бўлади, – деди У.Бобоназаров.

Шунингдек, тадбирда мазкур институтнинг матбуот котиби Бобур Мамадалиев сўзга чиқиб, бундай тадбирлар коррупциянинг олдини олишда муҳим ўрин тутишини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, хизматчиларда ҳуқуқий маданиятни ошириш, қонунларга риоя қилишга ўргатиш орқали самарали тизим яратилади. Шу билан бирга, жамоатчилик орасида ҳам шаффофлик ва ҳалоллик қадриятларини кенг тарғиб этиш муҳим вазифалардан саналади. 

Тадбир якунида мавзу юзасидан келгуси ишлар белгилаб олинди. 

Насиба Зиёдуллаева,

ЎзА