Қонун устуворлиги жамият тараққиётининг барқарор пойдевори, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли кафолатлаш ҳамда фуқароларнинг давлатга бўлган ишончини юксалтиришда ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида ҳам “давлат идоралари халқ манфаатларига хизмат қилиши шарт” деган устувор тамойил илгари сурилиб, олтинчи йўналиш — “Замонавий давлат бошқаруви ва адолатли суд-ҳуқуқ тизими борасидаги ислоҳотларни давом эттириш”га алоҳида эътибор қаратилди. Бу эса мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган изчил сиёсатнинг яққол ифодасидир.
Мурожаатномада давлат бошқаруви механизмларини замон талаблари асосида қайта ташкил этиш, аҳолини қийнаётган масалаларни тезкор ва самарали ҳал қилиш, коррупция ва ортиқча қоғозбозликка барҳам бериш долзарб вазифалар сифатида белгиланди. Шу жиҳатдан, Электрон ҳукумат платформасининг янгиланиши ва давлат хизматларининг ягона рақамли тизимга бирлаштирилиши масалаларни маҳалладан тортиб республика даражасигача аниқ ижрочи, белгиланган муддат ва жавобгарлик асосида ҳал этиш имконини яратади. Бу эса фуқаролар мурожаатларининг тизимли, ошкора ва доимий назорат асосида кўриб чиқилишини таъминлаб, давлат идораларига нисбатан ишончни янада мустаҳкамлайди.

Президент Мурожаатномасида инсон омилини минималлаштириш орқали коррупцияга қарши таъсирчан механизмларни жорий этиш зарурлигига алоҳида урғу берилди. Айниқса, суд-ҳуқуқ соҳасида одил судловни “рақамли суд” концепцияси асосида ташкил этиш, тергов жараёнларига сунъий интеллект технологияларини татбиқ этиш инсон ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда сифат жиҳатдан янги босқични бошлаб беради. Жиноят ҳақидаги мурожаатни қабул қилишдан тортиб ишни судга оширишга қадар бўлган барча босқичларда рақамли ечимлардан фойдаланиш субъектив ёндашув, сусткашлик ва қонун бузилиши ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилади.
Шу билан бирга, суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар фуқаролик ишларини кўриб чиқиш амалиётида ҳам ўзининг амалий натижасини намоён этмоқда. Фуқаролар ўртасидаги мулкий, оилавий, меҳнат ва бошқа ҳуқуқий низоларни қонун талаблари асосида, холислик ва адолат тамойилларига таянган ҳолда ўз вақтида ҳал этиш суд ҳокимияти олдида турган муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.
Бу жараёнда судларда тарафларнинг тенг ҳуқуқлилиги таъминланиб, келтирилган далил ва асослар ҳар томонлама, тўлиқ ва холис баҳоланмоқда, қабул қилинаётган суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигига устувор аҳамият қаратилмоқда. Айниқса, рақамли технологияларнинг жорий этилиши суд мажлисларининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, ишларни кўриб чиқиш муддатларини қисқартириш ҳамда фуқароларнинг судга мурожаат қилиш имкониятларини янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Бундай ёндашув суд қарорларининг холислиги ва ишончлилигини ошириш, фуқароларнинг одил судлов тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, суд жараёнларида жамоатчилик иштирокининг босқичма-босқич кенгайиб бориши инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қўшимча кафолатларини яратади.
Мурожаатномада кўзда тутилган конституциявий ислоҳотлар — маҳаллий ижро ҳокимияти ва вакиллик органлари ваколатларининг аниқ чегараланиши, депутатлар фаолияти ва масъулиятини ошириш ҳам қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилади. Зеро, қонунга қатъий амал қилинган жойда адолат қарор топади, адолат таъминланган жамиятда эса фуқароларнинг давлатга бўлган ишончи мустаҳкамланади.
Хулоса қилиб айтганда, Президент Мурожаатномасида белгилаб берилган вазифаларни изчил амалга ошириш, хусусан суд-ҳуқуқ тизимида рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни жорий этиш орқали одил судловни таъминлаш мамлакатимизда қонун устуворлигини янада мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш ҳамда жамиятда очиқлик ва ишонч муҳитини қарор топтиришга хизмат қилади.
Ўктам Хуррамов,
Боёвут туман фуқаролик ишлари бўйича судининг судьяси