Судьялар олий кенгаши раҳбарияти иштирокида Тошкентда суд тизимидаги янгиликлар, судьяларни адолат тамойили асосида тайинлаш масалаларига оид матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Кенгаш раиси Холмўмин Ёдгоров кейинги тўрт йил давомида суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ этиш борасида қирқдан ортиқ қонун ҳужжати қабул қилинганини қайд этди.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан суд тизимининг ташкилий-тузилмасига ўзгаришларга киритилди.
Яъни, 2021 йил 1 январдан вилоят ва унга тенглаштирилган жиноят, фуқаролик ва иқтисодий судлари негизида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судлари ташкил этилди.
Маъмурий судлар мақбуллаштирилишидан ташқари маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати ҳам жиноят ишлари бўйича судларга ўтди.
Мазкур ўзгаришлар муайян ихтисослашув бўйича фаолият юритаётган судьяларни лавозимларга қайта тайинлашни тақозо қилди. Шундан келиб чиқиб қайта тайинлашга оид барча тадбирлар замонавий ахборот-коммуникация технологиялари воситасида амалга оширилди.
2020 йилда жами 27 нафар судьянинг ваколати муддатидан илгари тугатилиб, лавозимидан озод қилинди. Яъни, 3 нафар судья бошқа ишга ўтганлиги сабаб ваколати муддатидан аввал тугатилган.
Cудьялик қасамёди ва одоб-ахлоқ қоидаларини ҳамда одил судловни амалга оширишда қонун талабларини қўпол равишда бузган 12 нафари эса тизимдан четлатилган. (Улардан бири жиноий жавобгарликка тортилган). Шунингдек, ўз хоҳишига кўра ариза берган 5 нафар судья ҳам эндиликда тизимда эмас.
Лавозимидан озод этилганларнинг қарийб тўртдан бирини вафоти муносабати билан ваколати муддатидан илгари тугатилган судьялар ташкил этган.
Давлатимиз раҳбари 2020 йил 7 декабрдаги “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги яна бир фармони талабларидан келиб чиқиб судьяларнинг фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг электрон рейтинги жорий этилаётир.
Судьялик лавозимларига номзодлар ва судьяларнинг психологик ҳолати бўйича касбига муносиблигини баҳолашга кўмаклашувчи электрон дастур жорий этиш устида иш олиб борилмоқда.
Фармон ижроси доирасида Судьялар олий кенгаши судьяликка номзодларни очиқ суҳбат ва танлов тайинлашни йўлга қўйди. Танловнинг мазкур шаклида инсон омили кескин чекланган бўлиб, барча жараёнлар (кенгаш аъзоларининг маслаҳатлашувидан ташқари) махсус мониторингда ёритилиб борилади.
ОАВ ходимларига мазкур жараённи бевосита жойида кузатиш имконияти яратилмоқда.
Фармонга мувофиқ Судьялар олий кенгаши ҳузурида “Судьялар клуби” ташкил этилди. Мазкур тузилма моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаш бўйича тавсиявий характерга эга бўлган маслаҳатлар ҳамда судьяларнинг одоб-ахлоқ қоидаларини муайян вазиятларда қўллаш юзасидан сўровларга тушунтириш бериш ваколатига эга бўлиб, жамоатчилик асосида фаолият юритади.
Н.Абдураимова, ЎзА