Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қонун нега рад этилди?
15:54 / 2022-03-17

Бугун Олий Мажлис Сенатининг йигирма тўртинчи ялпи мажлисида “Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.

Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Одилжон Иминов мазкур қонун бўйича қуйидагиларни таъкидлади: 
 
— Жиноят кодексининг 133-моддаси биринчи қисмига киритилаётган ўзгартишларга асосан, инсон аъзоларини ёки тўқималарини олиш ҳамда трансплантация қилишнинг белгиланган шартлари ва тартибини бузганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда. Бироқ ушбу кодекс 133-моддаси бириничи қисмининг амалдаги таҳририда шахс тириклигида унинг розилигини олмасдан туриб ёки ўлганидан кейин яқин қариндошларининг розилигисиз илмий ишлар ёхуд таълим ишлари учун трансплантация қилиш ёки бузилмайдиган ҳолда сақлаш (консервация) мақсадида мурданинг аъзолари ёки тўқималарини ажратиб олиш учун жиноий жавобгарлик белгиланган. 

Кодексга киритилаётган ўзгартишларга асосан эндиликда инсон ўз аъзоларини илмий ишлар ёхуд таълим ишлари учун трансплантация қилишга розилик берган тақдирда ёки бундай розиликни унинг вафотидан сўнг яқин қариндоши берганда ҳам бундай ишлар учун жиноий жавобгарлик келиб чиқиши мумкин, — деди қўмита раиси. 



Мажлисда қайд этилганидек, “Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида”ги қонуннинг 14-моддасида ҳам инсон аъзоларининг ва (ёки) тўқималарининг олди-сотдиси тақиқланиши, 3-моддасида эса инсон аъзосини ва (ёки) тўқималарини олишга ихтиёрий розиликнинг мавжудлиги, бепул асосда ҳамда нотариал тартибда тасдиқланган ёзма шаклда бўлиши кераклиги белгиланмоқда. Ушбу қоида Фуқаролик кодексининг 105-моддаси биринчи қисмида қайд этилган ёзма шаклдаги битим тузилиши кераклигини кўрсатмоқда. 

Бироқ фуқаролик тўғрисидаги қонунчиликка асосан келишувларнинг бошқача шакллари ҳам мавжуд. Шу боис, инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарининг қонунга хилоф тарзда трансплантация қилинишини олдини олиш мақсадида мазкур турдаги битимлар (шартномалар) тузилиши учун ҳам жиноий жавобгарликни белгилаш мақсадга мувофиқ. 

Бундан ташқари, “Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида”ги қонуннинг 10-моддасида инсон аъзоларини ва (ёки) тўқималарини унинг мурдасидан олишга унинг тириклик чоғидаги нотариал тартибда тасдиқланган ёзма розилиги мавжуд бўлган тақдирда йўл қўйиши қайд этилган. Бу ҳолатда “Дафн этиш ва дафн иши тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасини “Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида”ги қонунга мувофиқлаштириш мақсадга мувофиқ. 

Қонунда тартибга солинадиган жавобгарлик муносабатларининг аҳамиятини эътиборга олиб, сенаторлар ушбу қонунни қайта кўриб чиқишни, унга комплекс ёндашиб, такомилига етказишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблади. 

Қонун сенаторлар томонидан рад этилди. 


Муҳтарама Комилова, ЎзА