Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида бир қатор масалалар қизғин муҳокама қилинди. Жумладан, “Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси депутатларнинг қизғин муҳокамаларига сабаб бўлди.
Таъкидланганидек, қонун лойиҳаси ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида ишлаб чиқилган. Унда ер участкаси ва унда қурилган иморатга бўлган ҳуқуқни, шунингдек якка тартибдаги уй-жой қурилган ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасига ижара ҳуқуқини эътироф этиш тартиби белгиланмоқда.
Шу билан бирга, ортиқча эгалланган ер участкасига, боғдорчилик ва узумчилик ширкатлари ҳудудидаги турар жойлар эгаллаган ер участкасига, кичик саноат зоналари ҳудудидаги ер участкасига ижара ҳуқуқини эътироф этиш асослари назарда тутилмоқда.
Йиғилишда фракция аъзолари қонун лойиҳасида кўзда тутилаётган масала долзарблигини, жойларда сайловчилар томонидан энг кўп кўтариладиган муаммолардан бири эканини таъкидлади. Аммо қонун лойиҳасидаги айрим юридик камчиликлар ўртага ташланиб, қонун ташаббускорларидан изоҳ сўралди. Хусусан, депутат Козим Тожиев лойиҳанинг тушунтириш хати юридик ҳужжат сифатида тушунарли, аниқ ва равон ёзилиши, ҳамма учун тушунарли бўлиши кераклигини қайд этиб, камчиликларини тўлдириш лозимлигини айтди. Шунингдек, лойиҳада кўзда тутилаётган масала ер участкалари билан боғлиқ бошқа қонунлар билан зид келмайдими, бу борада аниқлик киритиш кераклиги қайд этилди. Фракция аъзоларининг кўпчилиги лойиҳанинг камчиликларини тузатган ҳолда қабул қилиш кераклигини билдирди.
Яна бир қатор депутатлар ҳудудларда кўплаб фуқаролар уй-жойини кадастрдан ўтказа олмаётгани, расмий ҳужжатлаштиришда муаммоларга дуч келаётгани борасида мурожаатлар кўплигини айтиб, қонун лойиҳасининг ижтимоий аҳамияти муҳимлигини, шу боис уни тезроқ қабул қилиш кераклигини билдирди.
Қизғин муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳасини такомиллаштириш учун масъул қўмитага қайтариш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА