English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қонун лойиҳаси маромига етказилди
11:46 / 2024-01-23

Айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтмоқда. Мажлис кун тартибидан мамлакатимиз ҳаётига дахлдор бир қатор муҳим масалалар ўрни олган.

Дастлаб депутатлар ўтган галги мажлисда қўмитага қайтарилган “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқди.  

Қонун лойиҳасининг мазмуни ҳамда уни такомиллаштириш бўйича олиб борилган ишлар ҳақида депутат Турғунбой Хўжаназаров маълумот берди.  

Қайд этилганидек, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси талабларидан келиб чиқиб, шунингдек, маъмурий ислоҳотлар доирасида Табиат ресурслари вазирлиги Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигига айлантирилганди ва унинг ваколатлари, вазифа ва функциялари, фаолиятининг устувор йўналишлари белгиланди. Қонун лойиҳаси билан “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунда вазирлик ва унинг органлари номи, вазифа ва функцияларига тегишли ўзгартиришлар киритилмоқда. Шу билан бирга, Олий Мажлис палаталари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатлари қайта кўриб чиқилмоқда.  

– Ушбу қонун лойиҳаси шу йилнинг 17 январь куни бўлиб ўтган Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида кўриб чиқилиб, депутатлар томонидан берилган фикр-мулоҳазалар асосида такомиллаштириш учун масъул қўмитага қайтарилган эди, – деди Турғунбой Хўжаназаров. – Ўтган даврда қўмита томонидан берилган таклифлар ишчи гуруҳ аъзолари иштирокида чуқур таҳлил қилиниб, уларнинг аксарияти лойиҳани такомилига етказишда эътиборга олинди ва қонун лойиҳаси маромига етказилди.  

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан моддама-модда кўриб чиқилиб, қабул қилинди.  

 

М.Комилова, ЎзА