Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қонун ижросини назорат қилиш – тадбиркорлик эмас
16:13 / 2021-03-23

Сўнгги йилларда мамлакатимиз тараққиёти, иқтисодиёт ривожи, халқимиз фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган туб ислоҳотларнинг объектив ва субъектив қийинчиликлари бор, албатта.

Объектив қийинчиликлар ҳақида гапирганда, биргина пандемияни эслашнинг ўзи кифоя... Нимасини айтасиз, бу балога қарши курашиш осон бўлаётгани йўқ...

Субъектив қийинчиликлар ҳақида гапирадиган бўлсак, бу айрим вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари-ю масъул ходимлари, мутасаддиларнинг, айрим экспертлар, ҳатто олимлик унвони-ю даражаларига эга мутахассисларнинг нотўғри ғоя-қарашлари.

Бозор романтизмига асосланиб амалга оширилаётган тадбирлар жамиятимиз ҳаётида ижобий натижа бермаслиги аниқ, бунинг устига жамоатчилик ўртасида ортиқча эҳтиросли баҳс-мунозаларга сабаб бўлиб, айрим фуқароларимизда ислоҳотларга ишончсизлик кайфиятини уйғотиши мумкин.  

Кейинги ойларда шундай баҳс-мунозаралар ва носоғлом кайфият уйғотувчи тадбирлардан бири бу – фуқаролар, тадбиркорлик субъектларига йўл ҳаракати қоидалари бузилиши ҳолатларини қайд этиш ҳуқуқи ва қоидабузарлардан ундирилган жарима ҳисобидан даромад топиш имкониятининг берилиши бўлди.

Йўл ҳаракати қоидалари бузилишини қайд этиш – бу фуқароларимиз томонидан мазкур қоидаларга риоя этилишини назорат қилиш жараёнининг ажралмас қисми. Ўз навбатда, ушбу қоидалар «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида»ги қонун ижросини таъминлаш учун қабул қилинган. Бинобарин, гап қонун ижросини назорат қилиш ҳақида боряпти.  

Савол туғилади, қонун ижросини назорат қилиш тадбиркорлик фаолияти турларидан бири бўлиши мумкинми? Фикримизча, бўлиши мумкин эмас. Зеро, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 3-моддасига мувофиқ, “тадбиркорлик – даромад (фойда) олишга қаратилган ташаббускор фаолиятдир”. Бунда мантиқан фойда олиш муайян товарни сотиш ёки хизматни кўрсатиш, яъни одамларнинг зарурий эҳтиёжларини қондириш йўли билан олинади.  

Қоидабузарликни қайд этиб даромад топиш тадбиркорлик фаолиятининг бундай мазмун-моҳиятига мантиқан тўғри келмайди.

Тадбиркор учун йўл ҳаракати қоидалари бузилишини қайд этиш билан шуғулланиб фойда олиш ҳам амримаҳол. Чунки аҳолининг ҳуқуқий маданияти ошиб, қонунбузилишлар бўлмаслиги тарафдоримиз. Қоидабузарликлар кўп бўлишидан моддий манфаатдор бўлган тадбиркорлик субъектларининг пайдо бўлишига, табиийки, йўл қўйиб бўлмайди.

«Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида»ги қонуннинг мақсади йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида юзага келувчи муносабатларни тартибга солиш ҳамда фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкини муҳофаза этишни таъминлашга, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя этишга қаратилган. Қонунда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш учун масъул давлат органлари белгиланиб, уларнинг ваколатлари санаб ўтилган. Хусусан, Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати Йўл ҳаракати қоидаларига риоя этилиши устидан назорат олиб боради, транспорт воситалари, йўл ҳаракати қоидаларининг бузилиши ҳоллари ва йўл-транспорт ҳодисалари ҳисобини ва рўйхатини юритади.

Ҳар биримиз йўл ҳаракати қоидаларига риоя этишимиз лозим. Бу қоидаларнинг бузилишига ҳеч ким, оддий фуқаро бўладими, тадбиркор бўладими, бефарқ бўлмасдан, уларнинг олдини олишга, қоидабузарлар эса қонунга кўра жавобгарликка тортилишига кўмаклашиши лозим.

Бу фуқаролик бурчимиз. Бунда, албатта, ўз бурчини адо этишда энг фаол бўлган шахслар эътироф этилиши, маънавий ва моддий тақдирланиши ҳам мумкин. Аммо қандай бўлмасин, қонунга риоя этилишини назорат қилиш фойда олиш мақсадидаги фаолият бўлиши мумкин эмас.

Хуллас, мавзу юзасидан ижтимоий тармоқда фикр билдирган ҳамюртларимиздан бири айтганидек, “Бундай тадбиркорликни тўхтатиш керак, майли, давлат томонидан ўрнатилган камераларга ҳеч ким эътироз билдирмайди”.

 

Фарҳод ҚУРБОНБОЕВ,

Иқтисод фанлари номзоди