Сенат ялпи мажлисида суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолати юзасидан Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси (МИБ) директори М.Эгамбердиевга парламент сўрови юбориш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари доирасида суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизими такомиллаштирилиб, кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Хусусан, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш ҳамда ижро иши юритувида сансалорликка чек қўйишга қаратилган қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Шу билан бирга, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш билан боғлиқ масалалар юзасидан кўплаб эътирозлар ҳам мавжуд. Бу Сенат аъзоларининг жойларда ўз сайловчилари билан учрашувларида ва сайёр қабулларида фуқаролар томонидан билдирилмоқда.

Ушбу масала сенаторлар томонидан ўрганилиб, таҳлил қилинганда, қатор салбий ҳолатлар аниқланган ва МИБ фаолиятида тизимли айрим камчиликлар ҳамда соҳада айрим ўз ечимини кутаётган масалалар мавжудлиги қайд этилди.
Жумладан, 2023-2024 йилларда МИБ фаолиятига оид Президент виртуал ва халқ қабулхоналарига келиб тушган мурожаатлар сони ортган.

Мурожаатларнинг аксарият қисми алимент ундириш, бюро органлари ходимлари хатти-ҳаракатлари устидан шикоятлар билан боғлиқ масалаларни ташкил қилган.
Сенаторлар алимент ундириш, суд қарорлари ижроси, зарарни ундириш, бюро органлари ходимлари хатти-ҳаракатлари билан боғлиқ такрорий мурожаатлар сони ортганини танқид қилди.
Бундан ташқари, 2025 йилнинг I чорагида ишга тиклаш билан боғлиқ 255 ижро ҳужжати ўз вақтида бажарилмаган. Ушбу ижро ҳужжатларининг аксарият қисми ички ишлар (80), солиқ органлари (18), таълим (16), ҳокимликлар (14), соғлиқни сақлаш тизими (6) ҳиссасига тўғри келган.
Муҳокама натижасида мазкур масала юзасидан МИБга парламент сўрови юбориш бўйича Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА