Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қонун ижодкорлигини ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилади
17:56 / 2021-04-21

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида Олий Мажлис Сенати, Қонунчилик палатаси, Давлат бошқарув академияси, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, Тошкент давлат юридик университети К.Аденауэр жамғармаси билан ҳамкорликда “Ўзбекистонда ҳуқуқ фанини ривожлантириш ва қонун ижодкорлигини такомиллаштириш” мавзусида илмий-амалий халқаро конференция ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев юридик таълим соҳасида мавжуд масалалар, хусусан юридик таълимни замон талаблари даражасида такомиллаштириш, ушбу йўналишда хорижий давлатлардаги юридик кадрлар тайёрлаш борасида илғор тажрибаларни қўллаш ҳамда ўзаро ҳамкорликни кучайтириш, мазкур соҳада соғлом рақобат муҳитини янада қарор топтириш, амалдаги қонунчилик ҳужжатларини яхлит ҳолда тизимлаштириш орқали миллий ҳуқуқий тизимни янада ривожлантириш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири эканини қайд этди.

Ҳар қандай давлатнинг тараққий этиши замонавий илм-фан ютуқлари ҳамда қонун ижодкорлиги фаолияти сифатига бевосита боғлиқдир. Зеро, ушбу жараёнларнинг самарадорлигини таъминлаш, шубҳасиз, халқ фаровонлигини оширишга хизмат қилиши, шубҳасиз.

Конференцияда миллий экспертлар ҳамда Нагоя университети, Қозоғистон гуманитар-юридик университети, Москва давлат халқаро муносабатлар институти, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонасининг етук мутахассислари ўз маърузалари билан фаол қатнашди.

Юридик фанни ривожлантириш, амалиётда юридик терминларимизни тартибга солиш (унификациялаш ва стандартлаштириш), қонун ижодкорлиги фаолиятида тўғридан-тўғри ишлайдиган қонунлар методологиясини яратишга оид фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Юриспруденция йўналишида илмий тадқиқотлар, қонун ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган илмий-назарий, амалий таклиф ва тавсиялар берилди.

– Юридик таълим соҳасидаги муаммоларни кўтариб, бугунги конференцияда ушбу муаммоларга биргаликда ечим топишимиз долзарб аҳамиятга эга, – дейди Тошкент давлат юридик университети ректори Раҳимжон Ҳакимов. – Бугун юридик таълим, фан амалиётдан анча орқада қолиб кетган. Бунинг ўзига хос объектив сабаблари бор. Тан олиш керак, охирги 10-15 йил давомида юридик таълимга эътибор ҳозиргидек эмас эди. Мен ўзим битирган пайтларда ҳам университетда ўқитувчи бўлиб қоламан, илмий иш қиламан, деган мутахассислар ўртамиёна ёки ундан паст ўқийдиган талабалар эди. Чунки маошлари паст эди. Бошқа жойдан иш тополмаса, афсуски, университетга келиб ишларди. Бу эса, табиийки, таълим сифатига таъсир қилди. Ҳозирги кунда юридик таълимдаги шаффоф, очиқ қабул механизмлари эвазига жуда кучли болалар ўқишга киряпти. Уларни ўқитиш учун эса малакали, ёшларнинг талаби даражасида дарс бера оладиган профессор-ўқитувчилар керак. Халқаро даражада рақобат қила оладиган кадрлар янги ўқув-режа, янги дастурлар асосида шаклланишига замин яратилмоқда. Ҳозир Президентимизнинг фармонлари асосида 12 та йўналиш бўйича илмий кенгашлар очилди ва ҳамма йўналиш бўйича илм-фанни ривожлантиришга шароит яратилди.

Тўғридан-тўғри ишлайдиган қонунлар методологиясини ишлаб чиқиш, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларда қонунлар мослигини баҳолаш ҳамда қонунчиликка оид атамалар изоҳли луғатини ишлаб чиқиш бўйича давлат грантларини ажратиш бўйича ҳукуматга тавсия киритиш белгиланди.

Шунингдек, Ўзбекистонда юридик фанни ривожлантириш ва қонун ижодкорлигини такомиллаштириш бўйича кўзланган стратегик мақсадлар, принциплар, тенденциялар ва вазифалар, асосий йўналишларни белгилаб берувчи Ўзбекистон Республикасида юридик фан ва қонун ижодкорлигини 2021-2026 йилларда ривожлантириш концепциясини ва уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш юзасидан таклифлар берилди.

Ушбу тавсияларнинг амалиётга жорий этилиши мавжуд камчиликларнинг ечимини, жумладан, аҳолининг ҳуқуқий атамаларга бўлган эҳтиёжи, қонунлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ҳамда ОАВларда келтирилган юридик атамаларни аҳолига тушунарли, содда тилда етказишга, шунингдек, юридик атамаларга мўлжалланган илмий ва оммабоп адабиётлар ишлаб чиқиш ва дастурлар яратиш имкониятини беради.

 

Нурилло Насриев, ЎзА