Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бош Қомусимиз қабул қилинганлигининг 28 йиллиги муносабати билан халқимизга йўллаган байрам табригида «Янги Ўзбекистон» ибораси халқаро майдонда нафақат янги тушунча, балки реал ижтимоий ҳодиса сифатида қабул қилинаётганига алоҳида эътибор қаратилгани бежиз эмас.
Чунки ниҳоятда қисқа бир даврда Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида кескин ўзгаришлар юз берди. Ўзбекистон дунё ҳамжамияти кўз ўнгида очиқ жамиятга айлана бошлади. Матбуот, сўз эркинлиги, фуқаролик жамияти институтларининг жамият ривожидаги ролига сўзда эмас, амалда эътибор қаратилиб, уларнинг талаб ва таклифлари инобатга олина бошланди.
Парламентни том маънодаги халқ уйига айлантириш ғояси амалиётга кўчаяпти. Энг муҳими, миллат етакчиси ташаббуси билан ҳукумат ва халқ ўртасида очиқ мулоқот майдони яратилди.
Албатта, буларнинг бари Конституциямиз яратиб бераётган сиёсий-ҳуқуқий имкониятлар туфайли амалга ошяпти.
Бугун Ўзбекистонда «Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари» ғояси асосида тараққиётимизнинг янги даври – Учинчи Ренессансга тамал тоши қўйилаётган экан, энг аввало қонун устувор бўлган жамиятни шакллантириш барчамиз учун энг бирламчи вазифага айланаётганини ҳис этаяпмиз.
Зеро, қонун ҳукмрон бўлган давлат ва жамиятгина тараққий этади, аҳолиси фаровон яшайди.
Қонун эса, аслида ҳар биримизнинг розилигимиз билан ўзимиз учун белгилаб олган ҳуқуқ ва мажбуриятларимиздир. Бу ҳуқуқ ва мажбуриятларимиз қачонки фуқаролик бурчимиз ва масъулиятимизга айланса, қонунларга ҳурмат ва итоатда бўлсаккина яхши яшай бошлаймиз ва давлатимиз ҳам ривожланади. Бошқача айтганда, қонунларни ўзаро келишувларимизнинг матни, деб ҳам ҳисоблаш мумкин. Конституция эса, ҳар бир қонун учун чегарадир. Чунки, қонунлар конституциявий тамойиллар доирасида яратилади. Ватан сарҳадлари белгиланганидек, ўзида ҳуқуқ ва мажбуриятларни ифодаловчи қонунларнинг ҳам чегаралари бўлади.
Бу ўринда, барча фуқароларимиз, айниқса, ўсиб келаётган янги авлод зиммасига алоҳида масъулият юклатилаётганини таъкидлаш жоиз. Ёшларимиз давлатчилигимиз ривожининг тарихий тажрибасига таянган ҳолда барпо этилаётган Янги Ўзбекистоннинг – янги ҳуқуқий-демократик жамиятнинг лидерларига айланишлари керак.
Бунинг учун эса энг аввало, тарбияга, таълимга, юртимиздаги ўзгаришлар ва ҳатто фарзанднинг ота-онасига бўлган муносабати ҳам ижобий томонга ўзгаришига эришишимиз лозим. Зеро, бу жамиятимиздаги маънавий муҳитни белгилаб берувчи энг асосий мезонлардан биридир. Халқимизнинг асрий қадриятлари мужассам бўлган дастур – Конституциямизда ҳам фарзандларнинг ота-оналарига ғамхўрлик қилиш мажбуриятининг белгилаб қўйилгани шундан.
Учинчи Ренессанс мактаб остонасидан бошланар экан, умуммиллий тарбия ва умуммиллий таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш орқали Ўзбекистоннинг фидойи ва миллатпарвар янги авлодини тарбиялаш устувор мақсадимизга айланмоғи даркор.
Айни вақтда янги Ўзбекистонда инсоннинг ҳуқуқ ва манфаатларига, айниқса, унинг эркинликларига қаратилган эътибор ҳар қачонгидан юқори даражага кўтарилганини жаҳон ҳамжамияти ҳам эътироф этмоқда. Хусусан, табрикда қайд этилганидек, кейинги тўрт йилда 2 минг 600 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилиб, 2 минг 400 нафар шахс суд залидан озод қилинди, жорий йилнинг ўзида 300 нафардан ортиқ шахс афв этилиб, 200 нафар маҳкумнинг жазо муддатлари қисқартирилди. Куни кеча эса Президент фармони билан яна 104 нафар фуқаро кечирилди. «Меҳр-3» операцияси доирасида эса Суриядан 25 нафар аёл ва 73 нафар боладан иборат яна 98 кишининг Ўзбекистонга қайтарилгани Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари борасидаги ижобий ишлар янги босқичга кўтарилаётганини англатади.
Кечагина эса Ўзбекистоннинг диний эркинлик бўйича «Махсус кузатувдаги давлатлар рўйхати» (Special Watch List)дан чиқарилгани ҳам маълум бўлди. Бу ҳам ушбу соҳада қўлга киритаётган ютуқларимиздан биридир.
Албатта, кўп йиллар мобайнида йиғилиб қолган оғир ижтимоий муаммоларни қисқа муддатда тўла бартараф этиш оғир кечяпти. Мактаб ва мактабгача таълим тизимидаги муаммолар, педагогларга муносиб иш шароитлари яратиш, фарзандларимизнинг эмин-эркин тарбия ва таълим олишлари учун қулайликлар яратиш масалалари ҳам Бош Қомусимизда ўз аксини топган. Шунингдек, чет давлатларга иш излаб кетган юртдошларимиз ҳуқуқини ҳимоя қилиш, билиб-билмай турли оқимлар ва кучлар таъсирига тушиб қолганларни авф этиб, Ватанга қайтариш билан боғлиқ масалалар оғриқли ҳаётий муаммоларимиз саналади.
Мана шундай эзгу ҳаракатларимизнинг салмоғи ошиши, энг асосийси юқоридагидек хатоларнинг такрорланмаслиги учун ҳар биримиз аввало ўзимизни, онгу тафаккуримизни ўзгартиришимиз зарур. Агар ўзимиз ўзгармасак, жамият ўзгармайди.
Байрам табригида яна бир муҳим масалага эътибор қаратилди. Яъни, Конституция ва қонунларимизни янада такомиллаштиришни бугун ҳаётнинг ўзи талаб этаётгани, жумладан, халқ манфаатларига, ҳаётимизнинг барча соҳаларини эркинлаштиришга хизмат қиладиган қонунларни қабул қилиш, давр талабларига жавоб бермайдиган қонун ҳужжатларини бекор қилиб, қонунчилик базасини ихчамлаштириш, бизнес фаолиятини тартибга солиш борасидаги ортиқча нормаларни камайтириш зарурлиги таъкидланди. Ушбу вазифаларни бажаришда эса, сиёсий партиялар ва фуқаролик жамияти институтлари янада фаол бўлишлари лозимлиги кўрсатиб ўтилди.
Чиндан ҳам биз – сиёсий партиялар вакиллари, барча даражадаги депутатлар фаолияти юртдошларимизни қониқтираётгани йўқ. Ижтимоий-иқтисодий муаммолар, халқимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлайдиган ва тўғридан тўғри амал қиладиган қонунларни ишлаб чиқишга қаратилган эътибор кучайтирилиши лозим.
Яна бир мулоҳаза. Конституциямизда ўз ифодасини топган адолат принципини ҳаётимизда рўёбга чиқариш, кўп жиҳатдан қонунларни қай даражада билишимизга боғлиқ. Шундай экан, ҳуқуқий билимларимизни мустаҳкамлашимиз нафақат ҳуқуқларимизни фаол ҳимоя қила олишимиз, балки, муҳокама қилинаётган қонунлар лойиҳасига кўпчиликнинг манфаатларига хизмат қилувчи асослантирилган таклифлар беришимизга ҳам йўл очади.
Қолаверса, жамиятимизда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятнинг юксалиши, Конституция ва қонунларимизда белгиланган нормаларнинг ҳаётимизда тўла тўкис ўз аксини топишида муҳим ўрин тутади.
Бир сўз билан айтганда, Конституциямиз моҳиятини, унинг ҳаётимиздаги ўрни ва ролини қанчалик чуқур ҳис этсак, қонунлардан хабардорлигимиз ортса, «ўзи ҳам, сўзи ҳам, кўзи ҳам қонун» бўлган фаровон жамиятга етишимиз тезлашади. Фақат бyнда жамиятимиздаги мавжуд муаммоларни очиқ-ойдин муҳокама қилиш, яъни ҳеч қачон ортга қайтмайдиган очиқлик сиёсати жараёнида кимларнидир айблаш, бармоқ билан
кўрсатиш эмас, балки ана шу муаммоларни биргаликда бартараф этиш бизни кўзлаган марраларимизга тезроқ элтишини теран англашимиз керак. Партиямиз жамиятда айнан мана шундай уйғониш юз бериши учун барча куч ва имкониятларини сафарбар этишга ҳаракат қиляпти. Зеро, аввал ўзимиз ўзгармасак, онгу тафаккуримиз ўзгармаса, ҳеч нарса ўзгармаслигини тушунтириш асосий мақсадимиздир. Юзага келган муаммолар сабабини, айбдорини излаш ва қуруқ иддаолар қилиш билан иш битмайди. Кимдир четдан келиб ҳам дардимизга малҳам бўлолмайди, аксинча, ҳаммаси ўзимизга боғлиқ. Бунда айнан Конституция биз учун ҳуқуқ-эркинликлари ва мажбуриятларини тўғри англай оладиган жамият аъзоларидан иборат очиқ ва эркин фуқаролик жамиятини қуришимизда дастурий ҳужжат бўлади. Бу йўлда партиямиз Президент илгари сурган ташаббуслар атрофидаги ислоҳотларни тўлиқ қўллаб-қувватлайди ҳамда самарадорлигини таъминлашга ўз ҳиссасини қўшаверади.
Алишер ҚОДИРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари,
Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий кенгаши раиси