Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйганлар интизомий жавобгарликка тортилди
16:54 / 2022-08-10

Андижон вилояти Адлия бошқармаси томонидан жорий йил 1-ярмида амалга оширилган ишлар юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.

Унда мамлакатимизда адлия тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётгани таъкидланди.

Анжуманда Адлия вазирлиги матбуот котиби Севара Ўринбоева медиа тизимида жамоатчилик назоратини амалга ошириш, ёлғон ва турли ахборот хуружларига қарши курашиш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини юксалтиришда медиа тизимининг ўрни, ҳуқуқий манбалар билан ишлашнинг ўзига хос жиҳатлари, шунингдек, адлия тизимидаги очиқлик, шаффофлик ва қонунийликни таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар хусусида гапирди.

Андижон вилояти адлия бошқармаси, унинг туман, шаҳар тизимларида жорий йилнинг ўтган олти ойида амалга оширилган ишлар, хусусан, қонунийликни мустаҳкамлаш, ҳуқуқий тарғибот, яъни маҳаллабай, хонадонбай, фуқаробай тарғибот тадбирларининг аҳамияти, самаралари бўйича маълумотлар берилди.

– Бошқарма ва унинг туман, шаҳар бўлимларига жорий йилнинг олти ойида 5 минг 748 та мурожаат келиб тушди, – дейди вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Отабек Бозоров. – Мурожаатларнинг 5 минг 294 таси ижобий ҳал этилди. Қолган мурожаатлар тегишли идора ва ташкилотларга белгиланган тартибда ўрганиш, ижросини таъминлаш учун  юборилди.

Мурожаатлар соҳалар кесимида таҳлил қилинганда, уларнинг 4 минг 72 таси инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, 323 таси давлат хизматлари кўрсатиш, 917 таси ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳамда 436 таси бошқа соҳаларга оид эканлиги маълум бўлди.

Қаноатлантирилган мурожаатлар асосида турли идораларга 407 та тақдимнома, судларга умумий суммаси 12,8 миллиард сўмдан ортиқ 1 минг 411 та даъво аризаси, маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан 68 та таклиф киритилган.

Бошқарма ва туман, шаҳар бўлимлари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида 678 марта ўрганиш ва мониторинг тадбирлари ўтказилди. Ўрганишлар давомида аниқланган қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш бўйича турли идораларга 3 минг 451 та тақдимнома юборилди. Ушбу тақдимномалар натижасида фуқаролар фойдасига 5 миллиард 628 миллион сўм миқдорида маблағлари қайтарилишига, 194 та ҳужжат ижроси тўхтатилишига ҳамда 3 минг 614 та ҳужжат бекор қилинишига эришилди. Қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйган 2 минг 25 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилди, 6 нафар ваколатли шахс билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниши таъминланган.

Анжуманда Президентимизнинг 2022 йил 17 мартдаги “Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда ҳуқуқий хизмат кўрсатишда адлия органлари ва муассасалари фаолияти самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан, юридик хизмат кўрсатиш, давлат хизматлари марказлари ва уларнинг филиаллари ҳамда ФҲДЁ органлари адлия тузилмасига ўтказилганлиги таъкидланди, ана шу йўналишларда амалга оширилган ишлар бўйича ҳам маълумотлар берилди.

Давлат хизматлари марказлари томонидан жорий йил биринчи ярмида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига 180 дан ортиқ турдаги 265 мингдан ортиқ хизмат кўрсатилган. Шунингдек, Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимларга 65 мингга яқин мурожаат келиб тушган. Мурожаатлар бўйича тегишли ишлар бажарилди. Жумладан, 38 минг 335 нафар чақалоқнинг туғилганлиги, 8 минг 992 нафар фуқаронинг вафот этганлиги қайд этилди, 8 минг 992 та никоҳ, 2 минг 534 та ажрим расмийлаштирилган.

Анжуман доирасида Адлия вазирлиги томонидан тайёрланган “Рақамлаштириш даврида медиа ва фейк хабарлар: ҳуқуқий ва ахлоқий омиллар” номли қўлланма тақдимоти ҳам ўтказилди.

[gallery-8247]

Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА