Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Қонун” бу ҳали “адолат” эмас, лекин адолат мукаммал қонун деганидир
15:56 / 2020-12-11

Баъзан баландпарвоз бўлиб туюладиган ушбу жумлаларнинг таг- замирида нафақат чуқур ва яширин фалсафий маъно, балки, синалган, чархланган, албатта тўғри маънода сурилиб-туртилиб, эзилиб, сўнг ростланган ҳаётий тажриба – асосли илм ётади.

Зеро, қадимги ҳинд мутафаккирлари бежизга “Илм бу тажрибадир”, деган фикрни ёзиб қолдирмаган.

Ана ўша тажриба – илм эса, судда одил судловни, айнан ушбу жараёнда адолат ва(ёки) қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда пировардида мазкур тушунчаларнинг судья қабул қилаётган қарорларидаги ўрни ва айнан шу қарорларга келишга омил бўлган хулосаларга таъсири ҳақда бир оз мушоҳада юритишга асос бўлади.

Мушоҳадалар эса, “суд далилларга ишнинг ҳамма ҳолатларини жамлаб, уларни суд мажлисида қонунга амал қилган ҳолда, ҳар тарафлама, тўлиқ ва холис кўриб чиқишга асосланган ўз ички ишончи бўйича баҳо беради”, деган процессуал қонун нормасининг талқинидан бошланади.

Яъни, судьянинг ички ишончи таяниладиган хулоса қилиш жараёнида ўз-ўзидан “адолат” ва “қонун” тўқнашинуви юзага келади дейиш мумкин.

Бир тасаввур қилинг, масалан, қарзга оид низоларда қарз берган ҳам олган ҳам сизга мўлтираб юзланиб турса, ҳар иккиси ҳам ўзларини ҳақ деб билиб, бири “шунча пул” қарз берганман, иккинчиси “шунча эмас бунча қарз олганман”, деб турса, “қонун” талабидан келиб чиқиб, тилхат олинмаганлиги, расмийлаштирилмаганлиги, гувоҳларнинг мавжуд эмаслиги, хуллас далиллар, ишнинг ҳамма ҳолатлари қарз олувчига ён босса, “адолат” ён босиб турган даъвогар – қарз берувчи эса зорланиб, “тўғри, қарз берганда сендан тилхат талаб қилмадим чунки, сен ўша қарзга жуда мухтож эдинг аҳволинг танг эди, қолаверса 92 та томиринг эгилиб қарз сўраб келганинг учун, лафзингга ишонганим учун, қарзни вақтида қайтиб берарсан деб ўйлаганим учун... илтимос номардлик қилма, Худодан қўрқ, “адолат” борку, Яратган борку, қўрқмайсанми унинг қахридан”, деб турса, жавобгар –қарз олувчи ҳам секингина ютиниб қўйиб даъвони тан олмай нима бўлса бўлар деган қиёфада турса, устига устак яна у-қарз олувчи томонидан “қонун” тилга кириб, “ҳар бир тараф ўзининг талаблари ва эътирозларига асос қилиб кўрсатган ҳолатларни исботлаши шарт” чунки, бу меннинг –қонуннинг талаби шу деб юборса, ана ундан кейин судьянинг ўрнига ўзингизни қўйиб кўраверинг.

Ёки яна бир мисол – ҳаммага таниш “снос” масаласи дейлик, келингки, ҳоким ё бир масъул мансабдорнинг ҳужжатларини албатта расмийлаштириб бераман деган оғзаки лафзига ишонган бир фуқаро-тадбиркор-ишбилармон бир савдо мажмуаси ёхуд бошқа бир хизмат кўрсатиш комплекси учун бино қуришни бошлаб юборди. Бу бино яна ҳам каттароқ ҳоким ё каттароқ бир мансабдорга маъқул келмай уни буздиришга оғзаки топшириқ берди. Балким шу ҳудуд учун вазият ва режалар ўзгарди, нима бўлганда ҳам шу бинони олиб ташлаш керак, бундай ҳолатда суд, ҳужжатсиз (рухсатсиз) бинони бузишга – “қонуний” қарор берадими? Ё бўлмасам ўша мансабдорнинг оғзаки ваъдасига ишонган фуқаро-тадбиркор-ишбилармонни ҳимоя қилиб, қонунга унчалик мувофиқ келмай турган – “адолат”ли қарор берадими? Хулоса ўзингиздан...

Юқорида айтган судьянинг “ички ишончи” нима бўлди дейсизми? Яшанг кулминацион нуқтага энди келдик. Ушбу мисолардаги “адолат” ва “қонун” тўқнашинуви ҳамда судьянинг ички ишончи асосида маслаҳатхонда қабул қилинадиган қарор... бу юкни бир ўз вужудингиздан ўтказиб кўринг!

Бундай ҳолатда чиқадиган қарор адолатли бўлиши керакми ёки қонунийими?

Қарор қонуний бўлмаса ёмон, шикоят қилинади, қарор ўзгаради, бекор бўлади.

Қарор қонуний бўлиб, адолатли бўлмасачи? Адолатни таъминлашга мавжуд қонунлар ожизлик қилсачи? Бундай қарордан шикоят қилса, қаноатлантириладими?

Хулоса шуки:

Аввало, қонунлар инсонпарварлик, ҳақгўйлик, халқчиллик, хаётийлик, реаллик, тажриба - илмга, замонавий, энг илғор ва соф-тоза-шаффоф фикр-ғоялар ва албатта “адолат”га мувофиқ бўлиши шарт.

Моддий ва айниқса процессуал ҳуқуқ нормалари билибми-билмайми адолатни, одил судловни таъминлашда бирор-бир чегара ўрнатиб қўймаслиги хаётий зарурат.

Бу борада Англо-саксон ҳуқуқ оиласидаги судлар фаолияти – “эркин судья, одил судлов, адолатли қарор, азиз инсон” тамойили биз учун мақбулдир. Зеро азал-азалдан донишманд, содда-самимий, ўзи ва кўзи тўғри халқимиз, ҳар қандай қарорни қабул қилишда маслаҳат ва мушоҳадани бирламчи қўйишга, зарур ҳолларда қабул қилинажак қарорнинг оқибати, инсоннинг азизлиги ва адолатнинг тантанаси учун айрим қолип шаклдаги инсон ҳамда тараққиёт манфаатларига жуда ҳам мос бўлмаган қонун-қоидаларга устунлик беришни ножойиз деб билган.

Шундай экан, ҳукм қиладиган судьяларга қараганда қарор қабул қиладиган судьяларда бугун том маънода “судьялик” эмас “қозилик” қилиш имконияти юқорироқ. Яъни, мақбул бўлмаган қонун ва қонун ҳужжатларини қўлламаслик ҳамда шаффофлик> объективлик> холислик> ҳалоллик>етуклик>оқиллик>тўғрилик>виждонийлик каби қадриятга айланиб улгурган тушунчалар асосидаги ички ишончга таяниб, “адолат”ни таъминлаш бирламчидир.

Судьянинг ички ишончи ҳам ўз навбатида синалган, чархланган, ҳаётнинг паст-баланд йўлларида ростланган ақлга йўғрилган ҳаётий тажриба – илмга, инсонни комилликка етакловчи чуқур маънавият ва юксак маърифатга ҳамда албатта инсоний фазилатлар муттасил улуғланадиган унинг муқаддас оилавий шакл-шамойилига ва у тарбияланган атроф муҳитга боғлиқ бўлади.

Демак, судья кадрлардаги мана шу фазилатлари судьялар заҳирасини шакллантиришда, фақат биографияга оид маълумотларни, номзодларга нисбатан бўлган субъектив фикрларни ўрганишдан кўра, муҳимроқ бўлиши даркор.

Гапнинг индалосини айтганда, судьянинг қарори ва “адолат” – “қонун” деганда юқорида келтирилган қисқа ва нозик мушоҳадалар ҳам эътибордан четда қолмасин дейман холос.

Нуриддин Муродов,

судья