French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қонун билан қўриқланган қўрғоним
15:19 / 2022-10-26

Тил-миллат кўзгуси. Инсон ҳаёти учун сув ва ҳаво қанчалик зарур бўлса, сўз ҳам шундай улуғ мақомга эга, у тирик жон янглиғ илоҳий неъмат, унга ёлғон, сохталик аралашса, таъсир кучи ва жозибасини йўқотади. Унинг ўрнини ҳеч бир бошқа муомала воситаси боса олмайди, шаксиз.

Ўзбек тили ўзининг бетакрор сўз бойлиги, оғзаки ва ёзма манбаларига эга бўлган, кечмиши олис тарихга бориб тақаладиган, сўзлашувчиларнинг сони ер юзида 35 миллиондан ортиққа етган нуфузли тиллардан биридир.

Ўзбек тили шу кунгача кўп минг йиллик тарихий тараққиёт йўлини мардонавор босиб келмоқда. “Кул тегин” битиги, “Девони луғотит турк”, “Ҳиббат ул-ҳақойиқ” каби энг қадимий манбалардан тортиб, ўрта асрлардаёқ туркий тил - ўзбек тилининг чиройи, бойлигини исботлаб берган “Муҳокамат ул-луғатайн”, “Хамса”, “Бобурнома”дан то ҳозирги давргача яратиб келинаётган ўлмас бадиий асарлар, шеърият дурдоналари тилимизнинг нуфузини оширди, дунёга кўз-кўз қилди.

Юсуф Хос Ҳожиб дейдики, “Тил ва ақл билимнинг таржимонидир. Билки, кишини нуроний қилувчи восита унинг очиқ ва мазмундор тилидир... Тил кишини иззатли қилади, киши тили билан бахтли бўлади. Тил арслондир, қара, у сени эшикда пойлаб ётибди. Эй мағрур уй хўжаси, ҳушёр бўлки, агар тилингга ортиқча эркинлик берсанг, ўйламасдан сўзласанг, у бир кунмас бир кун бошингни ейди....”.

Ҳар гал 21 октябрь - Ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилган кунга тайёргарлик ишлари жараёни бошланганда 1989 йилнинг кузи ёдимга тушади. Эсимда, биз, Қарши давлат университети ўзбек филологияси факультети талабалари пахта даласида факультет декани Поён Равшановдан бу хушхабарни яъни 1989 йил 21 октябрда “Давлат тили ҳақида”ги Қонун қабул қилинганини, ўзбек тили давлат тили мақомига эга бўлганини эшитиб қувонгандик. Тўғрида, ҳали мустақиллик ҳақида сўз ҳам бўлиши мумкин бўлмаган даврда она тилимизга бу мақомнинг берилиши катта жасорат, тил жонкуярлари учун улуғ тарихий ҳодиса эди.

2020 йил 10 апрелда “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниши ўзбекман деган, она Ватани, она тилини ўзини, ота-онасини, фарзандини суйгандек севган, уларнинг туғилган кунини кутиб, қувонч билан нишонлаган ҳар бир инсоннинг руҳиятини, кўнглини янада равшан қилди.

Бундан буён ҳар йили 21 октябрь куни нафақат Ўзбекистонимизда, балки дунёнинг турли бурчакларида яшаётган ўзбеклар оиласида, жамоасида катта байрам сифатида нишонланади.

Яна бир қувонарли жиҳати ўзбек тили хорижий мамлакатларнинг 60 дан ортиқ олий ўқув юрти ва 110 дан зиёд мактабда ўрганилмоқда. Тилимизга бўлган қизиқиш сабаб давлатлар ўртасидаги илмий, маданий алоқалар ҳам йўлга қўйилмоқда.

Ўзбекистон Қаҳрамони, ўзбекнинг севимли шоири Абдулла Орипов ижодига чуқур ҳурмат рамзи ўлароқ АҚШда адибнинг уй-музейини ташкил этиш ишлари бошлангани, Германиянинг Гумболдт университетида хорижлик талабалар учун ўзбек тили курсларини ташкил этиб, кўплаб самарали ишларни йўлга қўйгани сабаб ўзбек тили ва адабиёти билимдони, таниқли олима, профессор Ингеборг Балдауф хонимга “Дўстлик” ордени берилгани, ватандошларимиз профессор Азиза Машраббекова ва фан доктори Дилноза Калонованинг Кореянинг Ханкук хорижий тиллар университетида ўзбек тилини ўргатилишини йўлга қўйиб, юзга яқин ёшларни қизиқтира олганидан фахрланамиз.

Яқинда бир маълумот ўқидим. Даниядаги “Ўзбек ташаббуслари” уюшмаси раҳбари Маърифат Акбарова Орхус шаҳрида ўзбек оилалари орасида ўзбек тили ва миллий қадриятларини сақлаб қолиш, ўзбек фарзандларига ўзбек тили, тарихи, маданияти ва анъаналарини ўргатиш бўйича курслар ташкил қилибди. Ватандан узоқда яшаётган миллатсеварлар, кундалик турмуш тарзида, мулоқот жараёнида деярли эҳтиёж сезмайдиган ўзбек тилига нисбатан шунча эҳтиром ҳис қилган бир вақтда Ўзбекистонда, ҳар куни ҳар сонияда мулоқотимиз асосий воситаси, ҳис-туйғуларимиз ифодачиси, энг яқинимиздан ҳам яқинроғимиз бўлган Она тилимизга муносабатни кўриб ҳам уяласан, ҳам ғазабланасан киши…

Ўзбекнинг буюк маърифатпарвари Абдулла Авлоний: “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғин кўрсатадурғон ойинайи ҳаёти тил ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур” деганларида нечоғли ҳақ эди. У ўша пайтда ҳам тилимиз ҳақида қайғуриб, “миллий тилимизни сақламоқ бир тарафда турсин, уни унутиб, йўқотмоқдамиз” дея жон куйдирган эди.

Кўча куйда, жамоат уловларида ўзбекча сўзларга бўлар-бўлмасга турли хорижий сўзларни қўшиб “жуда яхши”, “зўр” ўрнига ”еес”, “океэй”, “хўп бўлади”нинг ўрнига “ест”, “кўришгунча”нинг ўрнига “пока”, “бай-бай” кабиларни қўллаётганларга тез-тез гувоҳ бўламиз, афсус. Тасаввур қилинг, деворлари нам тортиб, нурай бошлаган бинони агар пойдевори мустаҳкам бўлса, тузатса бўлади. Аммо бузилган, қоришиқ аҳволга келган тилни ўнглашнинг иложи йўқ. Абу Наср Форобий айтганидек: ”Юксак ахлоқли кишининг нутқи равон, талаффузи содда ва тушунарли бўлиши, айтмоқчи бўлган фикрини тушуниш бошқалар учун қийин бўлмаслиги керак”. Хоразм ҳукмдори Ферузўз даврида мақом куйларини бузиб ижро этган машшоқларни жазолаган, Русияда Пётр I замонида нутқи норасо кишиларга ўқитувчилик қилишга рухсат берилмаган.

Ёки ижтимоий тармоқлар, телефонлардаги хабар (СМС)ларда ўзаро ёзишмаларда ҳам “тушундингми” ўрнига “чундими”, “4ундииими”, “бўлаверади” ўрнига “бооовради”, “ш” ўрига “W”, “Ч” ўрнига “4” нинг қўлланилиши тилга ҳурматсизликдир.

Шу ўринда кўчалардаги тарғибот воситалари ҳақида ҳам тўхталишни жоиз топдим. “улгуржи” - “оптом” (ўптим), “нонушта” - “завтрак” (баъзан ҳатто рус тилидагисини ҳам эплаб ёзолмасдан “завтирик”), “пашшадан ҳимояловчи тўр” –“Москитная сетка”, “биз иш бошладик” –“мы открылись” кабиларнинг қўлланилиши ва энг ёмони одамларимиз буни оддий ҳол деб қабул қилаётгани ташвишлантиради кишини. Кўчадаги тарғибот воситасини бир кунда минглаб ёшлар ўқийди, кўриш орқали ахборотнинг 80 фоизи эсда қолишини инобатга оладиган бўлсак бир кунда шу хатоликларни тўғри деб ўқиб, уни хотирасига муҳрлаётган авлоднинг саводини тасаввур қилинг энди.

Тўғри, бугунги кунда мамлакатимизда ўзбек тили, саводхонлик, тилга эътибор масаласи ҳар қачонгидан ҳам муҳим, ҳар бир шаҳар, туманда шу масалада ҳоким маслаҳатчилари фаолият олиб бормоқда, тарғибот воситаларидаги юқоридаги каби камчиликларни бартараф этиш учун жонбозлик кўрсатмоқда, бироқ бу масалага ҳар бир фуқаро ҳам эътиборли бўлса, бирлашса натижа ҳам ортар эди. Тилимиз ўзбекнинг ўзидай қадимий ва барҳаётдир! Шунинг учун бугунги кунда дунё майдонида тик ва мағрур, қадди ва қадри баланд тилимизни асрамоқ ва уни жаҳонга танитмоқ фақат ўзимизнинг қўлимизда.

Ораста Тошева,

Қашқадарё вилояти Қарши шаҳар ҳокими маслаҳатчиси.

ЎзА