French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қониқарсиз деб топилган институт, ҳайфсан олган масъуллар, вазир эътиборидаги муаммолар...
15:41 / 2022-02-07

ЎзА КУЗАТУВИ: Ўзбекистон амалдорлари ҳафта давомида қандай ишлар билан шуғулланди?

Бугунги кунда Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш, замон талабларига жавоб берадиган мутахассис кадрларни тайёрлаш долзарб вазифа.  Жорий йил 7 февралдан бошлаб юртимиздаги олий ва профессионал таълим муассасалари, академик лицейлар ҳамда нодавлат таълим ташкилотларида ўқув жараёни анъанавий шаклга ўтказилиши эълон қилинди. Дарҳақиқат, соҳани ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда.  Хўш, ўтган ҳафтада Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов қандай ишлар билан машғул бўлди?

Вазир А.Тошқулов ҳафтани республикадаги барча олий таълим муассасаларини комплекс ўрганишдан бошлади. Бунда вазир А.Тошқулов ва Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи У.Тошкенбоев бошчилигида тузилган ишчи гуруҳ томонидан республика ОТМларининг барчасида 23 та мезон асосида танқидий, таҳлилий ўрганиш ишлари олиб борилди.

Бу жараён Қашқадарё вилоятидаги ОТМларни ўрганишдан бошланди. 1 февраль куни вазир бошчилигида тузилган ишчи гуруҳ Қарши давлат университетида бўлиб, вилоят ҳокими ўринбосари, ҳудуддаги олий таълим муассасалари раҳбарлари, соҳага алоқадор масъул ташкилотлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирокида йиғилиш ўтказди. 

Унда ютуқ ва тажрибалар кенг оммалаштирилиши, мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича таклифлар билдирилди. 
Сўнг Қарши давлат университетининг янги таъмирланган, 1200 ўринга мўлжалланган замонавий ўқув биноси кўздан кечирилди. 
2 февраль куни вилоятдаги мавжуд 6 та олий таълим муассасасини танқидий, таҳлилий ўрганиш жараёнлари ниҳоясига етди. 

Ўрганиш натижалари юзасидан йиғилиш ўтказилди.  Унда вазир А.Тошқулов вилоятдаги таълим муассасаларида сифатни ошириш, талабаларга сифатли таълим шароитларини яратиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилганини қайд этди. Бугунги кунда Қашқадарё вилоятидаги 6 та ОТМда таълим билан қамров 28 фоизга ошиб, талабаларнинг умумий контингенти 51 431 нафарни ташкил қилмоқда. Профессор-ўқитувчиларнинг умумий сони 2 779 нафарни ташкил этиб, илмий салоҳият 23,4 фоизга ошди.

Профессор-ўқитувчиларнинг ўқув-услубий ва илмий тадқиқот фаолиятида "Web of Science“ ва ”Scopus" журналларида чоп этилган мақолалар 150 дан ошган ва илмий ишларга берилган иқтибослар сони 2 баробарга ўсган. Олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари томонидан сўнгги 2 йилда 226 номда ўқув адабиётлари яратилган. Иқтидорли талабалар 9 та халқаро олимпиада ва нуфузли республика танловларида, 25 та таълим лойиҳаларида ҳамда халқаро конференцияларда иштирок этган.

Шунингдек, йиғилишда Тошкент кимё-технология институти Шаҳрисабз филиали фаолиятини ташкил этишдаги ҳаракатлари эътироф этилди.
Эришилган ютуқлар билан бирга, ҳудуддаги бир қатор олий таълим муассасаларида таълим сифати ва илмий салоҳият етишмаслиги, моддий-техник база билан тўлиқ таъминланмагани, кредит-модуль тизимидаги муаммолар, масофавий таълимни йўлга қўйишдаги камчиликлар танқид қилинди.

Хусусан, Қарши давлат университетининг Педагогика институти фаолияти қониқарсиз деб топилиб, директор, ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари ва ўқув-методик бошқарма бошлиғига масофавий таълимни ташкил қилишда йўл қўйган жиддий камчиликлари учун ҳайфсан берилди. Муаммоларни бартараф этиш учун уч ойлик муддат қўйилди.  

«Бугун масофавий таълим учун яратилган кўплаб махсус платформалар бўла туриб, уч минг нафар талабани телеграм орқали ўқитяпсизлар. Ҳамма нарса телеграмда. Олий таълим муассасасининг ўз платформаси йўқми? Бу нима аҳвол? Президентимизнинг озгина ташвишлари минг чандон тўғри эканлигига амин бўлиб кетяпман. Барчаси бўйича хулоса қилинади. Энди таълим сиёсатига ҳамма жавоб беради», дея таъкидлади А.Тошқулов.

4 февраль куни А.Тошқулов Ўзбекистон волейбол федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференциясида иштирок этди. 
Конференцияда Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси масъуллари, спортчилар сўзга чиқиб, мамлакатимизда волейбол спорт турини ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.  

Ҳисобот-сайлов конференциясида Ўзбекистон волейбол федерацияга раҳбар сайлаш масаласи кўрилди. Унда Ўзбекистон волейбол федерацияси раҳбари лавозимига Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов номзоди илгари сурилди. Вазир Абдуқодир Тошқулов номзоди бир овоздан маъқулланиб, Ўзбекистон волейбол федерациясининг президенти этиб сайланди.
Вазирнинг ҳафталик фаолияти Сурхондарё вилоятида жойлашган 6 та олий таълим муассасасини ўрганиш билан якунланди.  

Файзулло Яҳёев, ЎзА