Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қўнғиротлик полвонлар прокурор кубоги соҳиби бўлди
10:57 / 2022-09-07

Нукусда “Қорақалпоғистон Республикаси прокурори кубоги” учун кураш мусобақасининг ғолиблари аниқланди.

Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси, Қорақалпоғистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон кураш федерацияси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими томонидан ҳамкорликда мамлакатимиз мустақиллигининг 31 йиллиги ҳамда “6 сентябрь – кураш миллий спорт тури куни” муносабати билан ташкил этилган мусобақада шаҳар ва туманлардан кучли полвонлар иштирок этди.

Аҳолининг барча қатламларини кураш билан шуғулланишга кенг жалб қилиш, курашни умумхалқ спорт турига айлантириш, оммалаштиришда давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 4 ноябрдаги “Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамият касб этмоқда. Ушбу қарор асосида кураш миллий спорт турини 2025 йилгача янги босқичга олиб чиқиш концепцияси тасдиқланди.

Мусобақа натижасига кўра жамоавий беллашувларда Қўнғирот тумани полвонлари биринчи ўринни эгаллаб, “Қорақалпоғистон Республикаси прокурори кубоги” соҳиби бўлди. Иккинчи ўринни Амударё тумани, учинчи ўринларни Кегайли ҳамда Нукус туманлари жамоалари эгаллади.

[gallery-8677]

Мусобақанинг мутлақ ғолиблиги учун Хоразм вилоятидан Болтабой Болтаев ҳамда қорақалпоғистонлик Захриддин Зайтов ўзаро беллашди. Унда хоразмлик полвон Болтабой Болтаев ғалаба қозонди. Учинчи ўринларни самарқандлик Санжар Неъматов ҳамда қорақалпоғистонлик Мирбек Абдихаликов қўлга киритди.

Мусобақанинг мутлақ ғолиби 50 миллион сўм, иккинчи ўрин 25 миллион сўм, учинчи ўриннинг ҳар бири 10 миллион сўмдан пул мукофоти, диплом, медаллар билан тақдирланди. Шунингдек, жамоавий беллашувларнинг ғолибларига диплом, кубок, қимматбаҳо совғалар топширилди.

Мусобақада шунингдек, “Энг яхши мураббий”, “Энг яхши ҳакам”, “Энг яхши спортчи” номинацияси бўйича ғолиблар аниқланди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев иштирок этди.

 

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА