Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қўнғиротлик ўқувчилар Қашқадарёда: таътил мароқли ўтмоқда
16:41 / 2022-08-04

Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот туманидан 200 нафар мактаб ўқувчиси Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманидаги “Лочин” ёзги соғломлаштириш оромгоҳида мароқли дам олмоқда.

Сўлим табиатли хушманзара гўша қорақалпоғистонлик болажонларга жуда манзур бўлмоқда.  

– Бу ерда вақтимизни хуш ўтказмоқдамиз, – дейди 13 ёшли Жадыра Исламова. – Айниқса менга оромгоҳдаги дунёнинг етти мўъжизаси ҳисобланган тарихий бинолар макетлари жуда ёқда. Худди ўша жойларга боргандек бўлдим. Кўплаб дўстлар орттирдим. Бадиий кечаларда қатнашдим. Қувончларим чексиз.  

[gallery-8156]

Оромгоҳда “Миллий рақслар”, “Миллий ашулалар танлови” ва “Энг гўзал ижро” танловлари ташкил қилинган. Бундан ташқари, оромгоҳда кечки умумий йиғинда “Энг аҳил жамоа”, “Энг тоза ётоқхона”, “Энг масъулиятли жамоа навбатчиси”, “Энг масъулиятли етакчи”, “Энг чаққон тарбиячи” номинациялари бўйича танловнинг кун ғолиблари эълон қилиб борилмоқда. Жамоалар иштирокида ўтказилаётган “Қувноқлар ва зукколар”, “Келинг, бир кулишайлик!”, “Модалар танлови”, “Балли йигитлар”, “Балли қизлар”, “Жажжи маликалар”, “Оромгоҳ шаҳзодаси”, “Оромгоҳ маликаси” танловларида  болажонлар фаол иштирок этмоқда. 

Президентимиз жорий йил 23-24 февраль кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи чоғида Оролбўйини биргаликда ривожлантириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси туманлари муайян вилоятлар, жумладан, Қўнғирот тумани Қашқадарё вилоятига бириктирилган эди. 

Шунга биноан, тегишли “йўл харитаси” ҳамда Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ва вилоят ҳокимининг қарорларига асосан қўнғиротлик нуронийлар ва ёшларнинг ёзги мавсумда мароқли дам олиши учун вилоят маҳаллий бюджетнинг 2022 йил бошидаги эркин қолдиқ маблағлари ҳисобидан 740 миллион сўм ажратилиши белгиланди. Бундан олдин эса вилоят ҳокимининг қарорига мувофиқ, Қўнғирот туманидаги маданият ва истироҳат боғини реконструкция қилиш билан боғлиқ харажатларга вилоят маҳаллий бюджетининг 2022 йил захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан 1 миллиард сўм йўналтирилиши қайд этилган эди.  

Вилоят ҳокимлигининг ахборот хизмати жорий йил апрель ойида эълон қилган маълумотларга кўра, Қашқадарё вилояти томонидан Қўнғирот туманида бир қатор истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш мақсад қилинган. Масалан, Қўнғирот тумани Равшан овул фуқаролар йиғини ҳудудида замонавий кўринишдаги 150 ўринли мактабгача таълим муассасасини қуриш режалаштирилди. 

Шунингдек, “Бешкент Агрокластер” МЧЖ томонидан Қўнғирот туманидаги 500 та аҳоли хонадонида 2500 бош соғин сигирдан олинган сутни кооперация асосида харид қилиб, қайта ишлаш ҳамда озуқабоп экинлар етиштириш учун 1000 гектар ер майдонини ўзлаштириш мўлжалланган. 100 нафар урология соҳасидаги беморнинг ҳолатини назоратга олиб, Қашқадарё вилоятидаги урология маркази мутахассислари томонидан бепул тарзда жарроҳлик амалиёти амалга оширилиши белгиланган.  

Ўлмас Баротов,  
Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА.