Ўзбекистон Республикаси Президенти “Қорақалпоғистон Республикасида тузни қайта ишлашни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 1 апрелдаги ПҚ-231-сон қарори билан тасдиқланган Қўнғирот туманини 2025-2026 йилларда жадал комплекс ривожлантириш дастурига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикасидаги “Барсакелмес” туз конининг мавжуд имкониятларидан самарали фойдаланиш мақсадида Қўнғирот тумани ҳудудида “Kungrad Salt Free Zone” саноат зонаси ташкил этилади.
“Қорақалпоғистон Республикасида лойиҳаларни амалга ошириш маркази” лойиҳа офисининг “Барсакелмес” туз конида:
а) 2026 йилда: қўшимча инфратузилма барпо этиш орқали тузни қайта ишлаш учун қулай шароит яратиш, камида 50 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестицияларни ўзлаштириш; дунё бозоридаги йирик инвесторларни жалб қилиш ва янги экспорт бозорларини ўзлаштириш;
2026-2030 йилларда жами 200 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестициялар жалб қилинади.
Қарорга мувофиқ, Қўнғирот тутманидаги “Барсакелмес” туз кони ҳудудида тузни қайта ишлашга ихтисослаштирилган “Kungrad Salt Free Zone” саноат зонаси ташкил этилади.
2025-2026 йилларда 50 гектар ер участкасида инвестиция лойиҳалари амалга оширилади ва келгуси йилларда зарурат бўлса, Саноат зонаси ҳудуди 200 гектаргача кенгайтирилади.
Саноат зонасини бошқариш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузуридаги Кичик ва ёшлар саноат зоналарини бошқариш дирекциясига юклатилади.
Қарорга кўра, “Kungrad Salt Free Zone” саноат зонасини 2025-2026 йилларда муҳандислик-коммуникация ва автомобиль йўллари инфратузилмаси билан таъминлаш бўйича манзилли дастур тасдиқланди.
“Kungrad Salt Free Zone” саноат зонаси ҳамда “Нукус саноат технопарки” фаолияти “Қорақалпоғистон Республикасида лойиҳаларни амалга ошириш маркази” томонидан мувофиқлаштирилади.
“Қорақалпоғистон Республикасида лойиҳаларни амалга ошириш маркази”га Саноат зонасида лойиҳаларни амалга ошириш бўйича инвесторларнинг барча юзага келган муаммосини “ягона дарча” тамойили асосида вазирлик ва идоралар ҳамда давлат ташкилотлари орқали ҳал қилиш ваколати берилади.
Вазирлик ва идоралар ҳамда давлат ташкилотларининг биринчи раҳбарлари Лойиҳа офиси томонидан инвесторлар билан боғлиқ муаммолар тезкор ҳал қилинишини шахсан назорат қилади.
Саноат зонасида инвестиция лойиҳаларини бошлаган тадбиркорларга 5 йил муддатга “Нукус” эркин иқтисодий зонаси иштирокчиси мақоми берилади.
Саноат зонасида юқори технологияларга асосланган ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб, маҳаллий аҳолини ишга қабул қилиш учун қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш марказларини ташкил этган инвесторларга ўқитиш билан боғлиқ барча харажатлари қоплаб берилади.
ЎзА