English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қон қуйиш хизмати учун замонавий инфратузилма яратилди
17:15 / 2026-01-21

Сирдарё вилоятида қон донорларига хизмат кўрсатувчи вилоят қон қуйиш станцияси янги, замонавий бинода иш бошлади. Қарийб 50 йил аввал қурилган эски бино бугунги кун талабларига жавоб бермай қолган, пастқам, тор йўлакли ҳамда санитар-гигиеник ва техник жиҳатдан етарли шарт-шароитларга эга эмас эди.

Бу ҳолат нафақат тиббиёт ходимлари, балки қон препаратларига муҳтож бўлган онкогематологик касалликка чалинган беморлар, тез тиббий ёрдам марказларида даволанаётган оғир аҳволдаги беморларга  беғараз қон топширишга келадиган донорлар учун турли ноқулайликлар туғдириб келаётганди.

Давлатимиз раҳбарининг қон хизмати тизимини такомиллаштириш, донорлар ва соҳа ходимлари учун муносиб шарт-шароит яратиш бўйича берган топшириқларига мувофиқ Сирдарё вилояти қон қуйиш станциясининг эски биноси бутунлай бузиб ташланиб, унинг ўрнида янги, халқаро стандартларга жавоб берадиган замонавий марказ биноси барпо этилди.

Инвестиция дастури доирасида амалга оширилган мазкур лойиҳанинг умумий қиймати қарийб 9,5 миллиард сўмни ташкил этади. Бинони қуриш, жиҳозлаш ва фойдаланишга топшириш ишлари Сирдарё вилояти ягона буюртмачи хизмати давлат унитар корхонаси буюртмаси асосида Гулистон шаҳридаги “Камолиддин Бекзод” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан сифатли ва ўз вақтида бажарилди. Эътиборли жиҳати, қурилишда фойдаланилган темир-бетон ва бошқа материаллар маҳаллий қурилиш индустрияси корхоналаридан олиб келинди.

–  Янги бинода ташқи ва ички дизайн, қабул хоналари, тиббий лабораториялар, сервис хизматлари ҳамда донорлар учун мўлжалланган дам олиш хоналари халқаро талабларга мос равишда жиҳозланди, –  дейди қон қуйиш станцияси бош шифокори Ҳайдар Саломов. –  Муҳими, тиббиёт ходимлари, донорлар, қон препаратларига муҳтож беморлар ва уларнинг яқинлари учун қулай, хавфсиз ва шаффоф муҳит яратилди.

Марказда замонавий энергия тежамкор технологиялар ҳам жорий этилган. Хусусан, қисқа муддатли электр узилишларининг олдини олиш ва барқарор таъминотни таъминлаш мақсадида қуввати 20 киловатт бўлган қуёш панеллари ўрнатилди. Бу нафақат электр таъминотини барқарорлаштириш, балки харажатларни камайтириш ва экологик тозаликни таъминлашга хизмат қилмоқда.

Муассасада фаолият юритаётган 54 нафар тиббиёт ходими учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган бўлиб, бу уларнинг меҳнат унумдорлиги ва хизмат сифати ошишига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Шу билан бирга, донорлар томонидан топшириладиган қон таркибида гепатит A, B, C вируслари, ВИЧ, сифилис ҳамда қон орқали юқадиган бошқа хавфли инфекцияларни аниқлаш имконини берувчи юқори аниқликдаги PSR, IXLA каби илғор биокимёвий ва лаборатория ускуналари етакчи хорижий давлатлардан келтирилиб, ўрнатилди.

Марказдаги кенг ва замонавий кутиш заллари, юқори даражадаги тозалик, тиббий хизматнинг шаффоф ва хавфсиз ташкил этилгани аҳоли ишончини янада мустаҳкамламоқда. Буни рақамлар ҳам яққол тасдиқлайди: агар 2016 йилларда  донорлар сони ўртача 1 600 нафар атрофида бўлган бўлса,  2025 йилнинг ўтган даврида эса қарийб 12 минг нафарга яқин донор қон топширди. Бу кўрсаткичлар аҳоли орасида донорлик маданияти тобора ошиб бораётгани ва марказ томонидан олиб борилаётган тарғибот ишлари самарали эканини кўрсатади.

Давлат томонидан амалга оширилган ушбу лойиҳа донорлик тизимини янги босқичга олиб чиқибгина қолмай, Сирдарё вилояти қон қуйиш станциясини республикадаги энг илғор, юқори стандартларга жавоб берадиган тиббий марказлардан бирига айлантиришга мустаҳкам замин яратди. Энг муҳими, бу қадам қон препаратларига муҳтож беморлар учун барқарор ва етарли қон захирасини шакллантиришга хизмат қилади.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири