Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида Конституция алоҳида ўринда туради. Янги Ўзбекистон – янги ислоҳотлар шароитида инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг олий қадрият сифатида эътироф этилиши, давлат органларининг халқ манфаатларига хизмат қилиши тараққиётимизнинг муҳим мезонидир.
Конституция Асосий қонун сифатида барча қонунчилик соҳаларининг бош манбаи ҳисобланади, чунки унда халқнинг олий иродаси ўзининг қонуний ифодасини топади.
Конституцияда шахс, жамият ва давлат ўртасидаги муносабатларнинг асосий принциплари ўрнатилади. Давлат ҳокимиятининг тузилиши, унинг субъектлари ва ҳокимиятни амалга ошириш механизмини белгилайди, жамият, инсон ва фуқаронинг давлат томонидан қўриқланадиган ҳуқуқлари мустаҳкамланади.
Масалан, оила жамиятнинг асосий бўғини ҳисобланиб, ҳаётнинг абадийлигини, авлодлар давомийлигини таъминлайдиган муқаддас маскан. Келажак авлод қандай инсон бўлиб вояга етиши оилавий муҳитга бевосита боғлиқ.
Боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш давлатнинг мажбуриятидир.
Шу боис янгиланган Конституцияда оналик, оталик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилиниши белгиланмоқда. Давлат ва жамият болаларда ҳамда ёшларда миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқликни, мамлакатидан ҳамда халқнинг бой маданий меросидан фахрланишни, ватанпарварлик ва Ватанга бўлган меҳр-муҳаббат туйғуларини шакллантириш тўғрисида ғамхўрлик қилади.
Болаларни тўғри тарбиялашда бирламчи вазифа уларнинг ота-онаси ҳамда уларнинг ўрнини босувчи шахслар зиммасига юкланади. Болани тарбиялаш ҳуқуқи дастлаб ва устувор жиҳатдан унинг ота-онасига тегишли ҳуқуқ ва мажбурият саналади.
Шу сабабли Конституцияда болаларга ғамхўрлик қилиш ва тарбиялаш борасида ота-онанинг бирдай ҳуқуқли ва масъул эканлиги ҳам белгиланди. Маълумки, болалар тарбияси ва уларнинг камоли давлат учун устувор йўналиш ҳисобланади. Чунки болалар эртанги кун келажаги, халқнинг, миллатнинг ва давлатнинг таянчидир.
Давлат болаларнинг ривожланиши, уларда маънавий қадриятлар шаклланишига оид зарур чора-тадбирларни кўришини ҳам зиммасига олиши зарур. Қолаверса, бола учун ҳар қандай тарбиядан исталган маскандан кўра оилавий тарбия ва оила маскани, ота-она бағрида камол топиш устувор эканлиги ҳам конституциявий қоида сифатида белгиланди.
Оилаларнинг барқарорлиги, ота-она ва болалар ўртасидаги муносабатларда ўзаро ҳурмат ва ғамхўрликни таъминлаш, давлатнинг етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга нисбатан масъулиятни ўз зиммасига олиши каби қоидаларнинг конституцияда белгиланиши жамият ривожида муҳим ўрин тутади.
Саломат Ниёзова,
ТДЮУ профессори,
юридик фанлари доктори.
ЎзА