Конституциямиз қабул қилинганлигининг 33 йиллик шодиёнасига бағишланган байрам тадбирлари юртимиз бўйлаб кенг нишонланмоқда.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, фуқаролик жамиятини мустаҳкамлашга қаратилган вазифалар ҳамда давлатимиз тараққиётининг янги босқичини белгилаб бераётган сиёсий жараёнлар айнан шу айёмда яна бир бор кенг жамоатчилик эътиборини ўзига қаратганлиги билан аҳамиятлидир.

Миллий гвардия Ҳарбий академик мусиқа лицейида ўтган маънавий-маърифий тадбирлар давомида Конституциянинг давлат суверенитети, ҳудудий яхлитлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасидаги ўрни, ёш авлодни ватанпарварлик, қонун устуворлиги ва давлат рамзларига ҳурмат руҳида тарбиялашдаги беқиёс аҳамияти кенг намойиш этилди.
Иштирокчиларга катта руҳий қувват бағишлаган кечада академик лицей ўқувчилари томонидан Конституцияга бағишланган шеърлар ижро этилди. Улар Конституциянинг мазмун-моҳияти, ундаги асосий тамойиллар, фуқароларнинг ҳуқуқ ва бурчлари ҳақидаги моддаларни ёддан айтиб, меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Бундан ташқари, “Ҳуқуқ ва бурч”, “Огоҳ бўлинг” мавзусидаги саҳна чиқишлари орқали қонунларга ҳурмат, масъулият ва фуқаролик маданиятининг аҳамияти томошабинларга янада таъсирли тарзда етказилди.
Тадбирнинг бадиий қисмида ижро этилган “Аскар” ҳамда “Жон – Ўзбекистон” қўшиқларида ватанга муҳаббат, садоқат ва жасорат туйғулари тараннум этилиб, йиғилганларга руҳий кўтаринкилик бағишлади.

Тадбир доирасида “Конституция келажагим машъали” шиори остида ташкил этилган иншолар танлови ҳамда “Конституциям менинг фахрим” мавзусидаги расмлар кўргазмаси ёш авлод қалбида ҳуқуқий онг ва маданиятни шакллантириш, уларда Ватан рамзларига ҳурмат туйғусини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Т. Рўзиев, ЎзА