Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қомус – инсон қадрини ва унинг келажакка бўлган ишончини мустаҳкамловчи ҳужжат
09:59 / 2022-11-29

8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун

Конституция – халқнинг қадриятлари, мақсад ва интилишлари, ҳуқуқлари, манфаатлари ҳамда мажбуриятлари акс этган бош ҳужжат ҳисобланади.

Бу ҳужжат қанчалик мукаммал бўлса, унга амал қилинса, жамият ривожланади, халқ эса орзу ва мақсадларига эришади.

Шу жиҳатдан қомус инсон қадрини ва унинг келажакка бўлган ишончини мустаҳкамловчи юридик хусусияти юқори ҳужжат ҳисобланади.

Узоққа бормай, жорий йилга назар ташласак, “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да  хайрли ва самарали тадбирлар ўтказилди. Унда халқимизнинг келажакка ишончини янада мустаҳкамлаш баробарида мавжуд муаммолар ечимини топиш бўйича ҳам кўплаб амалий ишлар қилинди.

Жаҳондаги сиёсий жараёнлар жуда мураккаб кечаётган таҳликали даврда Ўзбекистонимиздаги тинч ва осуда ҳаёт таъминланаётганининг ўзи аслида катта ютуқ. Бу барқарорлик эса барчамизга, халқимизнинг ўзаро баҳамжиҳат яшашига боғлиқ.

Тўғри, ҳаёт давом этар экан, жамиятда камчиликлар бўлиши табиий ҳол. Буларга барҳам бериш учун эса уларни танқид қилиш учун Контитуциямизда акс этган сўз эркинлиги ҳуқуқидан фойдаланишимиз мумкин.

Аммо, бу ҳуқуқ замирида бошқа шахснинг эркинлиги ёки ҳуқуқларига таҳдид қилиш, ўзгаларнинг шаъни ёки қадр-қимматини камситишга асло йўл қўймаслиги кераклигини ёддан чиқармаслик керак.

Бунда жисмоний шахслар, юридик шахслар, бир сўз билан айтганда, халқ ва давлат органлари ўртасидаги ижтимоий муносабатлар қонунларда белгиланган тартиб-таомилларга тўлиқ мос бўлиши зарур.

Низоли масалалар мустақиллиги Конституция билан таъминланган суд томонидан холислик асосида ҳеч кимга ён бермасдан ҳақиқат ва адолат тарозисида ўлчаниб, тенглик ва холислик принципидан оғишмасдан ҳал қилиниши айни муддаодир.

Умуман олганда, қомус асосида қабул қилинган қонунларнинг ижросини таъминлашда “шахс-жамият-давлат” принципига қатъий амал қилиш зарур. Бу Ўзбекистонимизнинг янада ривожланиши учун жуда муҳим бўлиб, буларга ҳар бир инсон, ёшу қари ўз ҳиссасини қўшса, жамиятда демократик қадриятлар қарор топади ва ижтимоий адолатга асосланган очиқ фуқаролик жамияти тўлиқ бўй кўрсатади.

Мавжуда Ражабова,

профессор, юридик фанлар доктори.

ЎзА