Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қўмитага келиб тушган мурожаатларнинг 81 фоизи ижобий ҳал этилган
11:10 / 2023-01-29

Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди. Унда қўмитанинг 2022 йилдаги фаолияти натижалари ҳамда 2023 йилда амалга оширилиши режа қилинган ишлар муҳокама қилинди.

Қўмита томонидан ҳисобот даврида қонунларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш, ҳуқуқни қўллаш амалиёти, парламент назоратини амалга ошириш, давра суҳбатлари ташкил этиш йўналишларида жами 55 та масала, 38 та масала Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида, 12 та масала Сенат Кенгашида ва 5 та масала қўмита мажлисида кўриб чиқилди. Жумладан, қонунчилик фаолияти доирасида 19 та қонун дастлабки тарзда кўриб чиқилиб, Сенат ялпи мажлиси муҳокамасига киритилди ва маъқулланди.  

Қўмита томонидан иқтисодиёт тармоқларида ислоҳотларни амалга ошириш йўналишида 6 та қонун ижроси ҳолати юзасидан мониторинг ўтказилди ва қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган таклифлар тайёрланиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилди.  

Назорат-таҳлил йўналишида қўмита томонидан тайёрланган маълумотлар асосида қонунлар, Президент қарор ва фармонлари, Давлат бюджети, инвестиция дастурлари ижросини таъминлаш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш каби қатор масалалар юзасидан вазирлик ва идоралар раҳбарларининг 7 та ҳисоботи ва 14 та ахбороти эшитилди.  

Жумладан, Давлат бюджетининг ижроси юзасидан 4 маротаба молия вазирининг ахбороти ҳамда Марказий банк бошқаруви раисининг ҳисоботи дастлабки тарзда эшитилиб, Сенат ялпи мажлисига тегишли хулоса киритилди. Давлат бюджети маблағларидан самарали фойдаланишнинг ҳолати юзасидан Бош вазир ўринбосари, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим, Соғлиқни сақлаш ва Қурилиш вазирликларининг ахборотлари эшитилди.  

Маҳаллий бюджетлардан “Ташаббусли бюджет” бўйича ғолиб деб топилган лойиҳаларнинг ўз вақтида амалга оширилиши ҳолати ўрганилди. Ҳисобот даврида Халқ билан мулоқот ҳамда мурожаатлар билан ишлаш амалга оширилиб, қўмита аъзолари доимий равишда халқ билан мулоқотда бўлгани ҳолда уларнинг мурожаатларини эшитиб, муаммоларини ҳал этиш мақсадида сайловчилар билан 508 та учрашув ташкил этилди. Фуқароларнинг 2 минг 563 та мурожаатидан 2 минг 79 таси ёки 81 фоизининг ижобий ҳал этилишига эришилди.  

Мажлис иштирокчилари томонидан, шунингдек, қўмита фаолияти йўналишларида ҳали ўз ечимини кутаётган муаммолар борлиги ҳам қайд этилиб, 2023 йилда амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар ҳам белгилаб олинди.  

ЎзА