Мамлакатимизда олиб борилаётган барча соҳадаги кенг қамровли ислоҳотларнинг замиридаги асосий мақсад аҳоли бандлигини таъминлаш, уларнинг турмуш фаровонлигини оширишдир. Тараққиёт стратегиясида ҳам мазкур масалага алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, 2026 йил якунига қадар камбағалликни 2 баробарга қисқартириш, ҳудудларда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларини ривожлантириш орқали кейинги 5 йилда 3,5 миллион янги иш ўринларини яратиш каби эзгу вазифалар ўз аксини топган.
Таъкидлаш жоиз, 2021 йил 14 декабрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳудудларда янги иш ўринларини яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳамда дастурлар ижроси юзасидан парламент назоратини тизимли амалга ошириш бўйича устувор вазифалар белгиланган эди.
Шундан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан жорий йилнинг ўтган даврида Навоий, Сурхондарё,Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида янги иш ўринлари ташкил этиш ҳолатлари назорат-таҳлил тартибида ўрганилди. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Инвестиция ва ташқи савдо вазирликлари томонидан мазкур йўналишда амалга оширилган ишлар бўйича ҳисоботлар эшитилди.
Қўмитанинг навбатдаги йиғилишида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг «Жорий йилнинг январь–апрель ойларида ҳунармандчилик, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида янги иш ўринларини яратиш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисида»ги ҳисоботи эшитилди.
Ахборотда келтирилганидек, ҳисобот даврида хизматлар соҳасида 520 мингта иш ўринлари яратилган. Уларнинг 121 мингтаси 50 мингдан зиёд янги хизмат кўрсатиш объектларини ишга тушириш, мавжудларининг фаолиятини кенгайтириш ва молиявий қўллаб-қувватлаш ҳисобига ташкил этилган. Жумладан, иш ўринларининг 35,8 мингтаси савдо ва умумий овқатланиш, 13 мингтаси маиший хизмат, 6,2 мингтаси таълим ва тиббиёт, 2,6 мингтаси қишлоқ хўжалиги, 63,6 мингтаси бошқа хизмат кўрсатиш соҳаларига тўғри келади.
Ҳунармандчилик йўналишида 2022 йилда ажратиладиган кредитлар ва субсидиялар ҳисобига жами 80 минг нафар янги иш ўринлари ташкил этиш белгиланган бўлиб, 1 май ҳолатига 4 986 минг нафар уста ҳунармандлар ва 20 233 нафар шогирдлар ҳисобига 25 219 та янги иш ўринлари яратилди.
Депутатлар янги иш ўринларини яратиш бўйича олиб борилган ишларни эътироф этган ҳолда, айрим камчилик ва муаммоларга ҳам эътибор қаратишди. Хусусан, ҳунармандларга шогирдлар тайёрлаш, зарур хом ашё сотиб олиш ва шогирдларни иш ҳақи билан таъминлаш, уларга мустақил фаолиятини бошлаш учун зарур асбоб-ускуна ва жиҳозларни сотиб олишга субсидиялар бугунги кунга қадар ажратилмаганлиги депутатлар томонидан танқид қилинди.
Йиғилиш иштирокчилари ҳудудларда янги иш ўринларини яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги вазифалар юзасидан парламент назоратини кучайтириш, сайлов округларига чиққанларида мазкур масалаларга алоҳида эътибор қаратиш ҳамда вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ишларни давом эттиришга келишиб олдилар.
Шунингдек, йиғилишда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан халқаро рейтинг ва индекслардаги кўрсаткичларни яхшилаш бўйича амалга оширилган ишлар, мавжуд муаммолар ҳам таҳлил қилинди.
Қайд этилганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ҳимоясини кафолатлаш, аҳоли турмуш даражасини ошириш, иқтисодий фаолиятда эркинликни таъминлаш, суд-ҳуқуқ соҳасидаги моддий ва процессуал нормаларни такомиллаштиришга қаратилган тизимли ишлар натижасида юртимиз халқаро миқёсдаги рейтинг ва индексларда юқори поғонага кўтарилмоқда.
Тадбирда вазирликка бириктирилган халқаро 4 та индекснинг 27 та кўрсаткичи бўйича амалга оширилган ишлар депутатлар томонидан муҳокама қилинди.
Бир қатор индикаторларда методологиянинг ўзгарганлиги хусусан, Иқтисодий эркинлик индексининг 2022 йилги ҳисоботида меҳнат бозори индикатори таркибидаги субиндикаторлар сони 9 тага етгани муносабати билан вазирлик томонидан шунга монанд равишда ўз иш-режаларини ўзгартириш кераклиги депутатлар томонидан таъкидланди.
Тадбир якунида мамлакатимизнинг халқаро майдондаги имижини мустаҳкамлаш, инвестициявий жозибадорлигини ошириш ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига устувор халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлашнинг янги механизмларини жорий қилиш, амалдагиларини юксалтириш бўйича жорий йилга мўлжалланган аниқ чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқиб, ижроси таъминланиши юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар берилди.
Кун тартибидаги масалалар юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.
Н. Раҳмонова, ЎзА