Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова Янгийўл туманида ёшларни катта ҳаётга тайёрлаш, аёллар бандлигини таъминлаш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Дастлаб Тошкент вилояти масъуллари ҳудуддаги “Қирсадоқ” маҳалласида янгидан иш бошлаган "Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш мактаби", "Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази", "Ижтимоий реабилитация" хоналарининг очилиш маросимида қатнашди. Бу ерда яратилган шароитлар кўздан кечирилди. Ҳудудда оилавий ажримларнинг олдини олиш, соғлом муҳитда фарзанд тарбиялашда ушбу масканлар катта аҳамиятга эга. Ҳозиргача туманда 629 та оила 16 соатлик дарс машғулотларини ўтиб ФҲДЁ бўлимларига қонуний никоҳларини расмийлаштириш учун йўлланма олган.

Тадбир давомида тадбиркорлик марказини тугатиб, 40 соатлик дарс соатларини тикувчилик йўналишида тамомлаган қизларга сертификатлар топширилди.
Шундан сўнг қўмита раиси туманнинг 30 нафар тарғиботчи хотин-қизлар фаолларига ҳудудда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар ҳақида айтиб ўтди. Туман ҳокимлигида ўз тадбиркорлигини бошлаган хотин-қизлар томонидан ҳунармандчилик намуналари ва мева-сабзавотчилик тармоқларида етиштирилган маҳсулотлар кўргазмаси ҳам ташкил этилди.

Шу ерда янгийўллик тадбиркор аёллар учун суҳбат ҳам ўтказилди. Мутахассислар томонидан хатлов натижасида аниқланган ногиронлиги бўлган хотин-қизларга ногиронлик аравачалари топширилди.
Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси тумандаги 64 нафар маҳалланинг хотин-қизлар фаоллари билан учрашиб танқидий-таҳлилий йиғилиш ўтказди. Йўл қўйилган камчиликлар юзасидан масъулларга муддатлари кўрсатилган холда манзилли тавсиялар берилди.

Хотин-қизлар фаолларининг иш самарадорлигини ошириш мақсадида Тошкент вилояти ҳокими, туман сектор раҳбарлари ташаббуси билан 64 та маҳалла хотин-қизлар фаолларига планшетлар топширилди.
А.Мусаев, ЎзА