Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитаси томонидан 2025 йилги фаолият якунлари ҳамда жорий йилдаги режалар юзасидан онлайн брифинг ўтказилди.
Брифингда таъкидланганидек, қўмита ўтган йилдаги фаолиятида давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис палаталаридаги нутқларида белгиланган устувор вазифалардан келиб чиқиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, инсон ҳуқуқларини фаол муҳофаза қилиш каби муҳим йўналишларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга устувор аҳамият қаратди.
Хусусан, қўмита аъзолари томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида 2 та қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритилди ва қабул қилинди. Биргина “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан фуқаролар йиғини раиси ваколатлари муддатини 3 йилдан 5 йилга ўзгартириш, фуқаролар йиғини раиси ваколатлари муддатидан илгари тугатилган тақдирда бўшаб қолган ўринларга янги сайлов ўтказиш орқали фуқаролар йиғини раисини 5 йил муддатга сайлаш тартибини белгилаш назарда тутилди.

Ҳисобот йилида қўмита 14 та қонун лойиҳасига масъул бўлди. Кўриб чиқилган лойиҳаларда хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, фуқаролар йиғинлари раислари фаолиятини самарали ташкил этиш, ҳомийлик фаолиятини тартибга солиш, нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, жамоат фондлари фаолиятидаги бюрократик талабларни қисқартириш, парламентда мухолифатнинг кафолатланган ҳуқуқларини кенгайтириш каби долзарб масалаларнинг ҳуқуқий асослари акс эттирилди.
Қўмита бир қатор илмий институтлар, “ақл марказлари” билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйган.

Соҳаларни рақамлаштириш, инсон омилини камайтириш, коррупцияга қарши курашиш борасида қабул қилинган қонунлар, фармон ва қарорларнинг вазирликлар ва идоралар томонидан ўз вақтида бажарилиши устидан парламент назорати ўрнатилди. Қўмита ташаббуси билан Адлия вазирининг “Давлат хизматларини кўрсатишда коррупциявий ҳолатлар келиб чиқишининг олдини олиш ҳамда аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида қўшимча қулайликлар яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги ахбороти Қонунчилик палатаси мажлисида эшитилди.
Қўмита жорий йилги фаолияти давомида Президентимиз Мурожаатномасида белгилаб берилган устувор вазифалар ижросига эътибор қаратишни режалаштирган. Энг аввало, аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, Болалар омбудсмани фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш мақсад қилинган.
Муҳтарама Комилова, ЎзА