Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан ОАВ вакиллари учун ўтказилган очиқ мулоқотда қўмитанинг 2025 йилги фаолияти якунлари ҳамда жорий йилдаги режалари юзасидан ахборот берилди.
Тақдимотда таъкидланганидек, қўмита 2025 йил давомида 40 та қонун лойиҳаси (бундан ташқари, 7 таси жамланма қонун лойиҳаси) учун масъул бўлди, улардан 31 таси қабул қилиниб, Олий Мажлис Сенатига юборилди, 3 таси биринчи ўқиш, 2 таси иккинчи ўқиш ва 3 таси учинчи ўқиш муҳокамасига тайёрланмоқда.

Кўриб чиқилган қонун лойиҳаларида суд мажлисларида иштирок этиш жараёнини соддалаштириш, фуқаролар учун масофадан туриб суд муҳокамаларида иштирок этиш имконини яратиш, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини рақамлаштириш, низоларни судгача ҳал этиш, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиш амалиётига хусусий айблов институтини жорий қилиш, айрим ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий огоҳлантириш жазосини қўллаш, махсус фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жазо қўлланилиши муддатларини аниқ белгилаш каби норматив-ҳуқуқий масалалар акс эттирилди.
Қўмита аъзолари томонидан 3 та қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида қуйи палата муҳокамасига киритилди. Бундан ташқари, қўмита аъзолари 9 та қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида Қонунчилик палатасига киритишда иштирок этди.

Масалан, депутатлар ташаббуси билан фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини кучайтириш, одометрни сохталаштирганлик (“пробег”ни камайтириш) учун жавобгарлик белгиланди. Жиноят ишини юритиш чоғида шахсларнинг тергов ҳибсхоналарида сақланаётган даврида уларни қўшимча рағбатлантиришни назарда тутувчи қонун киритилди ва қабул қилинди.
Қўмита аъзолари томонидан мансабдор шахсларга сайловчиларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш билан боғлиқ масалалар юзасидан 10 та депутат сўрови юборилди. Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ўз вақтида ўрганиш ҳамда уларни ҳал этиш борасида қўмита номига келиб тушган 2 мингдан ортиқ мурожаат белгиланган тартибда кўриб чиқилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА