Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси томонидан матбуот анжумани ўтказилди. Унда қўмитанинг 2022 йилнинг тўққиз ойлик фаолияти юзасидан журналистларга батафсил маълумотлар берилди.
— Ҳисобот даврида қўмитамиз томонидан 5 та қонун маромига етказилиб, Олий Мажлис Сенатига юборилди, — деди қўмита аъзоси Умиджон Жабборов ўз маърузасида. — Ҳозирги кунда 1 та қонун лойиҳаси такомиллаштирилмоқда. Қонун лойиҳаларини пишиқ-пухта қилиш мақсадида қўмита томонидан 44 марта ишчи гуруҳ муҳокамаси, 5 марта экспертлик гуруҳлар йиғилиши ўтказилди. Хусусан, «Почта алоқаси тўғрисида»ги, «Киберхавфсизлик тўғрисида»ги, «Электрон тижорат тўғрисида»ги ҳамда «Электрон рақамли имзо тўғрисида»ги қонун лойиҳалари юқори малакали мутахассислар ҳамда соҳа экспертлари иштирокида маромига етказилди.
Ўтган даврда қўмита томонидан қонунлар, Қонунчилик палатаси қарорлари, Давлат дастурлари ижроси устидан таъсирчан парламент назорати борасида ҳам қатор ишлар олиб борилди. Бундан ташқари, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ўз вақтида ўрганиш ҳамда уларни ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, ҳисобот даврида қўмита номига келиб тушган 216 та мурожаат белгиланган тартибда кўриб чиқилди ва ўз ечимини топди, — деди депутат.
Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдилар. Жумладан, журналистлар қўмитанинг назорат-таҳлил тартибидаги фаолиятига қизиқиб, бу борадаги ишлар бироз суст эканлиги айтилди.
Бунга жавобан қайд этилдики, қўмита томонидан парламент ва депутатлик сўровлари амалга оширилмоқда. Қўмита аъзолари ўз сайлов округларига чиққанида, маҳаллий ижро ҳокимияти вакиллари билан биргаликда ахборот сиёсати ва электрон ҳукумат соҳасида амалга оширилаётган ишларни, шунингдек, қонунлар ижросини батафсил ўрганмоқда.

Бундан ташқари, қўмита тегишли идоралар билан ҳамкорликда давлат органлари, вазирлик ва идоралар ахборот хизматларининг очиқлигини ўрганди ва улар фаолияти рейтинг баҳоланди. Бу борадаги натижалардан келиб чиқиб, ташкилотларга ахборот очиқлигини таъминлаш бўйича таклиф-тавсиялар берилди.
Тадбирда ЎзА мухбири сўнгги пайтларда ахборот ва сўз эркинлиги таъминланаётгани, аммо айрим ҳолларда журналист ва блогерларнинг фаолиятига ноқонуний аралашиш ёхуд уларга таҳдид ва тажовуз қилиш ҳолатлари учраётганини таъкидлаб, бу борада қўмита томонидан қандай ишлар олиб борилаётгани, қўмитага ушбу йўналишда қанақа мурожаатлар бўлгани билан қизиқди.
Бунга жавобан депутат У.Жабборов сўнгги йилларда мамлакатимиз ахборот сиёсатида революцион ўзгаришлар бўлаётганини, ахборот ва сўз эркинлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Ижтимоий ахборотлар тарқатиш маданиятини юксалтириш, ахборот эркинлигини суиистеъмол қилмаслик бўйича ички мониторинг ишлари олиб борилаётганини билдирди. Шунингдек, Конституциянинг 67-моддаси билан ОАВ ва журналистларнинг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашганлик учун жавобгарлик белгиланаётгани, бу норма бўйича тарғибот ишлари олиб борилаётганини қайд этди.
— Қўмитамизга журналист ва блогерларнинг фаолиятига ноқонуний аралашиш ёхуд уларга таҳдид қилиш ҳолатлари бўйича мурожаат бўлмаган, — деди қўмита раиси ўринбосари Дониёр Ғаниев қўшимча қилар экан. — Агар шундай мурожаатлар бўладиган бўлса, албатта, ваколатимиз доирасида кўмаклашишга тайёрмиз. Ўтган даврда ушбу йўналишда АОКА ва Журналистлар уюшмаси билан эшитув ўтказилди. Унда журналистларнинг фаолиятига тўсқинлик қилиш борасидаги ҳолатлар юзасидан қатор масалалар муҳокама қилинди. Бундан ташқари, айни пайтда кўриб чиқилаётган янги таҳрирдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга кўра, ОАВ вакиллари фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда. Қолаверса, Конституциямиз билан ОАВ ва журналистларнинг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашганлик учун жавобгарлик белгиланаётгани келгусида Жиноят кодексига ҳам қўшимча киритишга асос бўлади. Яъни бу каби ҳолатлар конституциявий асос билан жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
Матбуот анжуманида қўмита аъзолари ОАВ вакиллари билан мунтазам ҳамкорликда ишлашга тайёр эканликларини, қўмита фаолиятидаги амалий ишларни кенг ёритиш ва тарғиб қилишда уларнинг кўмагига суянишларини билдирдилар.
Муҳтарама Комилова, ЎзА