Яқинда Хавьер Милей Аргентинанинг янги Президенти сифатида қасамёд қабул қилди ва лавозимга расман киришди. Маросим мамлакат телевидениеси орқали тўғридан-тўғри намойиш қилинди.
Милей баёнот беришича, унинг ҳокимият тепасига келиши билан мамлакат тарихида янги давр бошланади.
– Аргентинада тинчлик, тараққиёт, эркинлик ва истиқбол даври бошланяпти, – деди янги етакчи ва сўзи давомида аввалги Вазирлар Маҳкамасининг иқтисодиёт, молия соҳасида амалга оширган ҳаракатларини танқид қилди: ҳеч бир ҳукумат биз каби энг ёмон меросни қабул қилиб олгани йўқ.
Таъкидлаш жоиз, Лотин Америкасида жойлашган ушбу мамлакат сурункали иқтисодий инқирозни бошдан кечирмоқда. Таҳлилчилар баҳолашича, жорий йил мамлакатда инфляция ўсиши 185 фоизни ташкил этади. Бу минтақадаги энг юқори кўрсаткич. Миллий валюта қадрсизланиши давом этяпти, аҳолининг маоши, амалда, ошмай қўйган, камбағаллик даражаси 40 фоиздан ошиб кетган.
Бир сўз билан айтганда, Аргентинанинг халқаро захираси тугаган, энди мамлакат Халқаро валюта жамғармасининг кўп миллиардлик қарзини тўлаш учун Хитойдан ёрдам олишга мажбур бўлмоқда.
Савол туғилиши табиий: янги маъмурият иқтисодий ва молиявий муаамоларни қандай ҳал қилмоқчи?
Аргентиналиклар илк бор раҳбарликка иқтисодчини сайлашди. Юзага келган вазиятга баҳо берар экан, Милей биринчи навбатда Марказий банкни тарқатиб юборишга ваъда берди. Унинг таъкидлашича, МБ аввалги маъмурият даврида халқнинг 90 миллиард долларини ўғирлаган. Хавьер солиқ тизимини ислоҳ қилиш ва кенг кўламли хусусийлаштириш жараёни ҳам зарурлигини айтмоқда. Қолаверса, ташқи савдо билан боғлиқ чекловни кескин қисқартириш, импортни сезиларли даражада енгиллаштириш, мамлакатни долларга ўтказиш, шунингдек бюджет маблағи камлиги учун инфратузилма барпо этиш лойиҳаларида давлат иштирокини нолга тушириш, хуллас давлат харажатини қисқартириш ҳам янги Президент режалари рўйхатидан жой олган.
Ташқи сиёсат соҳасида Аргентина энди АҚШ ва Исроил билан ҳамкорликка кўпроқ эътибор бериб, асосий савдо шериги ҳисобланган Хитой ва Бразилия билан алоқаларга барҳам бермоқчи. Президент ушбу қарорга изоҳ берар экан, коммунистлар ва социалистлар билан ҳамкорлик қилиш истагида эмаслигини баён қилди. Кейинроқ сиёсатчи Бразилия хусусидаги фикрини бироз юмшатди ва Президент Луис Инасиу Лулу да Сильвани инаугурациясига таклиф ҳам қилди. Боз устига икки мамлакат муносабати ривожланиши тарафдори эканини таъкидлади. Шу билан бирга Аргентина БРИКСга аъзо бўлмаслиги, Москва билан алоқа узилишини маълум қилди.
Хуллас, Хавьер Милей мамлакатда ва халқаро майдонда кечаётган жараёнга ўзига хос қараши билан аллақачон танилиб улгурди. У ўзини “анархо-капиталист” сифатида таърифлаган ва сайлов олди кампаниясида Аргентина иқтисодиётини соғламлаштириш бўйича кескин қарорлар чиқаришга ваъда берган.
Сиёсатчи миллий валюта – песодан воз кечиб, Америка долларини жорий қилмоқчи. Дарвоқе, долларга ўтиш ҳодисаси Лотин Америкасида аввал ҳам кузатилган – 2000 йил Эквадор ҳукумати шундай тажрибага қўл урган. Айнан шу ташабуси туфайли Милейни “Қўлида арра ушлаган иқтисодчи”, деб аташмоқда. Бундай таърифга умуман эътибор қаратмаётган Милей эса Лотин Америкасида иккинчи энг йирик иқтисодиётга эга Аргентинада ҳали кўп янгилик юз беришини таъкидлаган. Масалан, у глобал исишни рад этяпти, аборт ва инсон аъзолари савдосини тақиқлаш тарафдори эканини маълум қилган.
Сиёсатчи Буэнос-Айреснинг БРИКСга аъзо бўлиш ҳақидаги аризасини қайтариб олиш режаси борлигини айтиб, мамлакатнинг Жанубий Америка умумий бозори – “Mercosur”да иштирок этишини ҳам савол остида қолдирган. Ҳолбуки, қўшни мамлакатлар – Бразилия, Уругвай ва Парагвай мазкур тузилма таркибида.
С.Раҳимов,
ЎзА