Давлатимиз раҳбарининг 15-16 апрель кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида берган топшириқлари ҳамда яқинда қабул қилинган “Самарқанд вилоятида эксперимент тариқасида маҳаллабай ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида 2021 йил 1 июндан бошлаб Самарқанд вилояти туман (шаҳар) ҳокимликлари тузилмасида “маҳаллабай” ишлаш тизими эксперимент тариқасида ўтказишга киришилади.
Айни пайтда туман ва шаҳарларда мазкур янги тизимни жорий этишга тайёргарлик кўрилмоқда.

Жомбой туманида ўтказилган “маҳаллабай” ишлашни тизимли ташкил этиш ҳамда аҳолига хизмат кўрсатиш соҳасини янада ривожлантириш мавзуидаги семинарда Қўлбости маҳалласи мисолида мазкур ҳудудда амалга оширилаётган ишлар ўрганилди.
Туман ва шаҳар ҳокимликлари иқтисодий, инвестиция ва қурилиш комплекси ходимлари, ички ишлар тизими вакиллари қатнашган тадбирда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ж.Ўроқов маҳаллада хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш борасида эришилган натижалар, йўл қўйилаётган камчиликларга тўхталди. Ўз таклиф-мулоҳазаларини билдирди.

Жомбой тумани ҳокими Қаюм Собиров эса банд бўлмаган аҳоли қатламини қўллаб-қувватлаш орқали тармоқни ривожлантириш бўйича Қўлбости тажрибасини сўзлаб берди.
– Хизмат кўрсатиш тармоқларининг 21 тоифаси ажратиб чиқилиб, шундан 13 таси маҳаллада йўлга қўйилди, – деди Қ.Собиров. – Сартарошхона, гўзаллик салони, савдо дўконлари аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Бундан ташқари, 30 нафарга яқин фуқаронинг бандлиги ҳам таъминланди. Мазкур тизимни бошқа маҳаллаларда ҳам амалга оширяпмиз.

Семинарда маҳалла аҳолиси томонидан уй шароитида йўлга қўйилган ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш фаолияти билан шуғулланиш, паррандачиликни йўлга қўйиш бўйича лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.
Иштирокчилар ҳудудда истиқомат қилувчи 500 нафарга яқин аҳоли бандлиги таъминланган “Мароқанд мева-сабзавот” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан ҳам яқиндан танишишди.

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА