Божхона органлари томонидан қўлбола усулда тайёрланган алкоголь маҳсулотларининг ноқонуний савдосига чек қўйиш ва бу билан шуғулланувчи яширин цехларни фош этиш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Хоразм вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими томонидан олдиндан олинган тезкор маълумотга асосан вилоят ИИБ ва Миллий гвардия ходимлари билан ҳамкорликда Урганч туманида тезкор тадбир ўтказилди.
Натижада, Урганч туманида яшовчи фуқаро С.Х томонидан 14 дона 10 литрлик олдин фойдаланишда бўлган елим идишларда қўлбола усулда тайёрлаб қуйилган жами 140 литр ароқ маҳсулотларини 5 миллион 600 минг сўмга сотаётган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан тўхтатиб қолинган.
Ушбу ҳолат юзасидан тайинланган экспертиза хулосаларига кўра, ароқ маҳсулотлари давлат стандарти талабларига жавоб бермаслиги ва истеъмолга яроқсизлиги ҳамда истеъмолчилар ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли эканлиги маълум бўлди.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро С.Х га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.
Аҳмаджон ШОКИРОВ,
ЎзА мухбири