English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қўлбола тайёрланган консерваларда ботулизм қўзғатувчи споралар сақланиб қолади
14:31 / 2023-12-09

Қиш фаслида кўпчилик уй шароитида тайёрланган консерваланган маҳсулотларни истеъмол қилишни маъқул кўради. Бундай озиқ-овқатларнинг сифати кафолатланмаган, заҳарланиш эҳтимоли юқори бўлади. Эътиборсизлик оқибатида айнан шу каби маҳсулотлар истеъмоли сабабли аҳоли орасида овқатдан заҳарланиш ҳолатлари тез-тез кузатилиб туради.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси бўлим  бошлиғи Анвар Шукуров бу борадаги хулоса ва тавсияларини тақдим этди.  

— Аксарият хонадон бекалари ёз ва куз фаслларида мева-сабзавотлардан консервалар тайёрлаб, қишга ғамлаб қўяди. Бироқ уй шароитида етарли босимда термик ишлов бериш имконияти мавжуд эмаслиги натижасида ботулизм қўзғатувчи споралар сақланади ва улар кислородсиз муҳитда ривожланиб, ўта кучли — ботулинотоксин заҳрини ҳосил қилади. Ботулизм қўзғатувчилари ташқи муҳитга ўта чидамли бўлиб, 100°С даражада 6 соат, 120°С да эса 10 дақиқагача тирик бўлади.  

Ўзида бундай зарарли моддани сақловчи консерва маҳсулотларини истеъмол қилиш натижасида турли салбий оқибатлар, ҳатто ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилмаганда ўлимга олиб келувчи энг оғир турдаги заҳарланиш — ботулизм касаллиги келиб чиқади.  

Хасталикнинг яширин даври 2-4 соатдан 14 кунгача давом этиши мумкин. Ботулизм микробининг токсини асосан марказий асаб тизимига таъсир этади ва организмда турли ўзгаришларга олиб келади.  

Бу ҳолатда нафас олиш қийинлашиши, оғиз-томоқнинг қуриши қорин соҳасида оғриқ, жисмлар кўзга иккита бўлиб кўриниши (диплопия), кўз қовоқлари осилиб қолиши (птоз), ютиниш қийинлашиши ва гапириш қобилияти пасайиши, кўнгил айниши ва қусиш (кўпинча такрорланади). Умумий ҳолсизлик ва заифлик каби белгилар намоён бўлади. Беморнинг сўзлари тушунарсиз бўлиб қолади, бўйин ва оёқ мушакларининг заифлашиши натижасида юришга қийналади.  

Агар бу ҳолатда хаста инсонга зудлик билан тез тиббий ёрдам кўрсатилмаса ва зарур даво муолажалари ўтказилмаса, унинг нафақат соғлиғи, балки ҳаёти ҳам хавф остида қолиши мумкин.  

Шу сабабли ботулизмнинг олдини олишда уй шароитида консерваларни тайёрламаслик, бозор ва аҳоли гавжум жойларда фуқаролар томонидан сотилаётган, номаълум шароитда тайёрланган, сифати кафолатланмаган консерваларни харид қилмаслик, банка қопқоғи кўтарилган (бомбаж), шунингдек рангида ўзгариш бўлган консерваларни истеъмол қилмасликка  амал қилиш лозим.  

Озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш шароитларига эътибор бериш, савдо дўконларидан консерваларни харид қилишда унинг муддати, идишларнинг бутунлиги, қопқоқлари шишмагани ва хавфсизлигини кафолатловчи ҳужжатларига эътибор бериш ҳамда таом тайёрлашда тозаликка ва шахсий гигиена қоидаларига тўлиқ риоя этиш керак бўлади.  

 

Муҳайё Тошқораева,  

ЎзА