ФОТОРЕПОРТАЖ
Термиз шаҳридаги “Алпомиш” спорт мажмуасида хизмат вазифасини бажариш чоғида қаҳрамонларча ҳалок бўлган ҳарбийлар хотирасига бағишлаб қўл жанги бўйича вилоят чемпионати ўтказилди.
Мусобақада Сурхондарё вилоятидаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари билан бир қаторда қўшни Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистондан ташриф буюрган спортчилар ҳам қатнашиб, ўз маҳоратини намойиш этди.
Тантанали очилиш маросимида мамлакатимизда спортни ривожлантириш, ёшларни жисмонан соғлом ва юксак ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида амалга оширилаётган ишлар алоҳида таъкидланди. Шу билан бирга қўл жанги ўзининг муросасизлиги, тезкорлиги ва томошабоплиги билан ажралиб туриши, Сурхондарё вилоятида мингга яқин ёшлар ушбу спорт тури бўйича маҳорат сирларини эгаллаётгани, улар орасида республика ва халқаро миқёсида мусобақа ғолиблари сафи кенглиги тилга олинди.
[gallery-27204]
Юз нафардан ортиқ ҳаваскор ва профессионал спортчи иштирокидаги вилоят чемпионати юқори шиддат ва кескин рақобат остида кечди. Ғолиб ва совриндор спортчилар республика чемпионатида қатнашиш учун саралаб олинди.
Мусобақа якунида энг яхши натижа кўрсатган иштирокчиларга диплом, медаль ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА