Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қўл жанги бўйича Ўзбекистон кубоги ғолиблари аниқланди
20:49 / 2025-09-25

Хоразмнинг бош спорт аренаси ҳисобланган Урганч шаҳридаги “Ёшлик” спорт мажмуасининг унверсал манежида қўл жанги бўйича катталар ва ўсмирлар ўртасида Ўзбекистон кубоги мусобақалари якунланди.

Мусобақада юртимизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари, спорт клублари ҳамда спорт муассасалари тарбияланувчилари иштирок этиб, ўз маҳорат ва жисмоний тайёргарлик даражаларини намоён этишди. 

Катталар ўртасида ҳал қилувчи қарама-қаршиликлар жиддий тус олди. Муросасиз кечган жангларда Ўзбекистон кубоги ғолиблари аниқланди.

Якуний натижаларга кўра, умумжамоа ҳисобида Республика ички ишлар вазирлиги жамоаси биринчи ўринга лойиқ деб топилди. Давлат хавфсизлик хизмати жангчилари иккинчи ва Наманган вилояти жамоаси учинчи ўринга сазовор бўлди. 

Мусобақанинг энг яхши спортчилари қаторида Олимжон Нормуродов, Акромали Нишонбоев, Нурсултон Сейитмуродов номлари эътироф этилди.

[gallery-25465]

—Мусобақа ҳақиқий спорт байрамига айланди, — дейди мусобақа ғолиби Олимжон Нормурадов. —Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг қўл жанги федерацияси, Хоразм вилояти ҳокимлиги ва бошқа мутасаддиларга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Жанглар учун ареналар ва спортчилар учун бошқа шароитлар жуда юксак даражада тайёрланган. Ўз кучини синаб кўриш учун ҳар бир спортчига тенг имкониятлар тақдим этилди,деб ҳисоблайман. 

Катталар ўртасидаги баҳслар якунлангач, ўсмир спортчилар — 14-17 ёш тоифасидаги маҳоратли жангчилар 35 та вазн тоифасида аниқланди. Ушбу мусобақада республикамизнинг барча ҳудудларидан жами 900 нафар ёш спортчи ўз имкониятларини синаб кўрди.

—Ушбу мусобақа ёш авлод ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, спорт орқали ватанпарварлик туйғуларини кучайтириш, шунингдек, спортчиларнинг салоҳиятини рўёбга чиқаришда муҳим аҳамият касб этади, —дейди мусобақа ҳакамлар хайятининг раиси Ҳусан Эргашев. —Ёш жангчилар баҳсларини ҳам юқори даражада ўтказиб, кучлиларни аниқладик. Аксарият вазнларда Тошкент, Андижон, Фарғона, Бухоро вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси яккакурашчилари юқори техник ва тактик тайёргарликларини намоён этишди. 

Ўсмирлар ўртасида қўл жанги бўйича Ўзбекистон кубогининг энг яхши жангчилари қаторида Бибиҳожат Хабибуллаева, Солия Олматова, Асадбек Турсунбоев, Сарварбек Музаффаров, Ибодулло Ҳусанов ва бошқа спортчилар мусобақанинг ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди.

Қўл жангининг “ўз-ўзини ҳимоя қилиш” йўналишида Самарканд, Андижон вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси жамоалари энг юқори натижаларга сазовор бўлишди. 

Таҳлилларга кўра, Ўзбекистон кубоги мусобақаларида жами 64 медал жамланмаси учун баҳслар олиб борилди. 

Ғолиб ва совриндорлар медаль, диплом ва кубоклар билан такдирланди. 

Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари