English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қўл телефони сифатсиз чиққанлиги учун пули истеъмолчига қайтарилди
17:47 / 2020-11-23

Хоразм вилояти Янгиариқ туманида яшовчи фуқаро Д.Рўзметова Урганч шаҳридаги “SMART TECHNO” хусусий корхонасига қарашли савдо дўконидан «Redmi Note 8» русумли қўл телефони сотиб олган.

 Бироқ, ушбу қўл телефони яхши ишламаётганлигидан норози бўлиб, савдо дўкони ходимидан янгисига алмаштириш ёки пулини қайтариб беришни сўраганида савдо дўкони ходими турли баҳоналар қилиб рад жавобини берган.

Фуқаро хусусий корхана ходимларининг ҳатти-ҳаракатларидан норози бўлиб Хоразм вилояти истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ҳудудий бирлашмасига мурожаат қилади.

Мурожаатдаги ҳолатга Урганч шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ходимлари томонидан ўрганилди.

Ўрганиш жараёнидан савдо дўкони ходимларига Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг тегишли моддалари тушунтирилди. Натижада, истеъмолчи талаби тўлиқ қаноатлантирилиб, сотилган сифатсиз қўл телефони учун тўланган 2 миллион 740 минг сўм пул маблағи истеъмолчига қайтарилди.

− Шунча маблағ эвазига сотиб олинган қўл телефони фойдаланиш жараёнида сифатсиз эканлиги маълум бўлди. Дўкон сотувчиси маҳсулотни қайтариб олмаслигини айтгач жуда хафа бўлдим. Дугонамнинг маслаҳати билан истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилдим. Жамият ходимлари тез фурсатда ушбу ҳолатни ўрганиб, мурожаатимни ижобий ҳал қилиб берди. Бундан жуда хурсандман. Жамиятнинг эзгу ва савобли ишларида омад тилайман – дейди Д.Рўзметова.

Аҳмаджон ШОКИРОВ, ЎзА