Табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари нафақат иқтисодий зарар, балки аҳоли хавфсизлиги учун ҳам жиддий таҳдид ҳисобланади. Шунга қарамай, айрим ҳудудларда бундай қоидабузарликлар ҳамон учраб келмоқда.
“Ҳудудгазтаъминот” АЖ бошқаруви топшириғига мувофиқ ўтказилаётган навбатдаги назорат тадбирлари давомида бу гал Янгиер шаҳрида қонунбузилиш ҳолати аниқланди. “Ҳудудгаз Сирдарё” газ таъминоти филиали, Ўзенергоинспекция ҳамда ҳуқуқ-тартибот органлари ҳамкорлигида ўтказилган ўрганишлар чоғида А. Жомий маҳалласидаги Чироқчи кўчасида жойлашган хонадонда табиий газ тармоғига ноқонуний уланиш фош этилди.
Маълум бўлишича, истеъмолчи газ ҳисоблаш ускунасидан ташқари ҳолда, полиэтилен қувур орқали тўғридан-тўғри газ тармоғига уланган. Бу эса нафақат давлат манфаатларига зарар етказади, балки портлаш ва ёнғин каби оғир оқибатларга ҳам сабаб бўлиши мумкин.

– Табиий газдан ноқонуний фойдаланиш оддий қоидабузарлик эмас. Бу, аввало, жамоат хавфсизлигига нисбатан бефарқликдир. Назорат тадбирлари изчил давом этмоқда, аммо энг муҳими — истеъмолчиларнинг қонун талабларига амал қилиб, хавфсизлик масаласига масъулият билан ёндашишидир, – дейди “Ҳудудгаз Сирдарё” газ таъминоти филиали маҳалла истеъмолчилари билан ишлаш бўлимининг бошлиғи Бахтиёр Баратов.
Ҳолат юзасидан тегишли далолатнома расмийлаштирилиб, 66 миллион 432 минг сўм миқдоридаги зарар қайта ҳисоб-китоб қилинди. Тўпланган материаллар белгиланган тартибда ҳуқуқ-тартибот органларига юборилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири