Миср пойтахти Қоҳира шаҳрида 86 давлатнинг 380 нафардан ортиқ маҳоратли каратэчилари қатнашган чемпионатда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари олтин ва бронза медалларига сазовор бўлди.
Терма жамоамиз аъзоси Гулшан Алимардонова -50 килограмм вазнда олтин медаль учун малайзиялик Шахмаларани Чандран билан кечган шиддатли жангда рақибини 6:1 ҳисобида мағлуб этди.

Гулшаннинг ушбу ғалабаси ортидан илк бор ўзбек спортчи қизи каратэ бўйича жаҳон чемпионлиги номига мушарраф бўлди.
Унинг ғалабаси шарафига Қоҳира спорт майдонида Ватанимиз байроғи юксалиб, мадҳиямиз баралла янгради.
Жаҳон чемпионатининг -67 килограмм вазнида бронза медали учун ўтган муросасиз баҳсда терма жамоамиз аъзоси Абдуваҳоб Рашидов грециялик Георгиос Балиотисни 9:4 ҳисобида доғда қолдириб, бронза медалини қўлга киритди.
-60 килограммда бронза медали учун япониялик Хирому Хашимото билан жанг олиб борган ҳамюртимиз Меҳриддин Тўрахонов ғалабага бўлган кучли иродасини намойиш этди. Бироқ баҳснинг сўнгги сонияларида каратэ ватани вакили ҳамюртимиздан бир очко олдинга чиқишни уддалади ва ҳакамлар 5:4 ҳисобида устунликни кунчиқар юрт вакилига тақдим этди. Бу натижа Тўрахоновнинг жаҳон чемпионатини 4-ўринда якунлашига олиб келди.
Т.Рўзиев, ЎзА