Рақамли трансформация ва сунъий интеллект – бу нафақат технологиялар, балки давлатнинг ҳар бир фуқарога тезкор, қулай ва самарали хизмат кўрсатиш йўли ҳисобланади.
– Кейинги йилларда мамлакатимизда бюрократияни қисқартиришга қаратилган тўққизта фармон ва қарор қабул қилинди, – дейди Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси аъзоси Жамила Бобоназарова. – Давлат хизматлари марказлари, Ягона портал платформаси, “Рақамли ҳукумат” каби тизимларнинг ташкил этилиши натижасида давлат хизматлари халқимиз учун янада қулай, тезкор ва шаффоф хизмат кўрсатмоқда.
Бу борадаги натижаларга эътибор қаратсак, 2017 йилда 444 турдаги давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, ҳозирги вақтда бу кўрсаткич 1 минг 40 тага етди. Кўрсатилган хизматлар сони қарийб 10 баробарга кўпайиб, 55 миллиондан ошди. 90 дан ортиқ хизматларни проактив ва композит шаклда кўрсатиш йўлга қўйилди.
2030 йилга қадар давлат хизматлари сони 1,5 мингтага, электрон хизматлар улуши 95 фоизга етказилади. Келгуси йилнинг ўзида 250 та хизматлар электрон шаклга ўтказилади. Масалан, автотранспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш, қўшилган қиймат солиғини қайтариш каби хизматлардан электрон фойдаланиш йўлга қўйилади.
Эътиборли жиҳати, энди “Қоғозсиз ҳукумат” тизимига тўлиқ ўтилиб, қоғоз айланмасидан бутунлай воз кечилади. Мавжуд 40 миллион ҳужжатлардан 25 миллиони, шундан кейинги йилнинг ўзида 5 миллиони рақамлаштирилади.
Хизмат кўрсатиш муддатлари кескин қисқартирилади ҳамда ортиқча ҳужжат ва маълумотлар талаб қилиш бекор қилинади.
Қувонарли томони,юздан зиёд давлат хизматларини кўрсатиш муддатлари 50 фоизга қисқаради, натижада 110 дан ортиқ маълумот ва ҳужжатлар талаб қилиш тўлиқ бекор қилинади.
Энг яхши натижага эришган идоралар ва ходимларни рағбатлантириш тартиби жорий қилиниб, махсус рақамли платформа орқали баҳолаш амалиёти тизимлаштирилади.
Эътироф этиш керакки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев Халқаро конгресс марказида бўлиб ўтган сунъий интеллект бўйича халқаро форумда Бюрократияни бартараф этиш дастурини ишга туширгани муҳим воқелик бўлди.
Мазкур форумда давлатимиз раҳбари сунъий интеллект соҳасини ривожлантириш бўйича бир қатор режаларни илгари сурди. Ҳамкорлар билан суперкомпьютер кластери ишга туширилади, AҚШнинг Кремний водийсида Миллий трансфер офиси очилади, барча ҳудудлардаги "Келажак марказлари"да сунъий интеллект бўйича мактаб дастури жорий қилинади.
Мактаблар ўртасида ҳар йили сунъий интеллект йўналишида энг яхши стартап ғоялари бўйича танлов ўтказиш тизими йўлга қўйилади. Ҳар бир ҳудудда ғолибликни қўлга киритган мактабда энг замонавий сунъий интеллект лабораторияси ташкил этилади.
Сунъий интеллект бўйича Президент танлови ташкил этилади, энг яхши натижаларга эришганлар илғор технологик компанияларга стажировкага юборилади. "5 миллион сунъий интеллект етакчилари" лойиҳаси йўлга қўйилади. 2030 йилга қадар 4,75 миллион ўқувчи ва талаба, 150 минг ўқитувчи, 100 минг давлат хизматчиси ўқитилади.
Ҳар йили ноябрь ойи "Ёшлар учун сунъий интеллект ойлиги" деб эълон қилинади ва доимий равишда "Ипак йўли сунъий интеллект форуми" ўтказиб борилади.
Хулоса қилиб айтганда, рақамли трансформация ва сунъий интеллект орқали давлат хизматлари халқимиз учун осон, тез ва қулайлик яратиши нуқтаи-назаридан бюрократия қисқаришига, қоғозбозликдан воз кечилишига, янги Ўзбекистонда замонавий ва инсонпарвар давлатнинг белгиси сифатида рақамли хизмат кўрсатишнинг қулайлигига эришилади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/FXZl5WeUk-w" title="“Qog‘ozsiz hukumat” tizimiga to‘liq o‘tiladi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Н.Абдураимова,
Ё.Мелибоев (видео), ЎзА