Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қоғоз қимматми ёки жетон?
23:54 / 2022-05-23

Пойтахтда яшовчи аҳолининг аксарияти иш ва ўқишларига метро орқали қатнашади. Метро хизматидан фойдаланувчи одамлар бир неча йиллар давомида жетонларни ишлатишга ўрганиб қолишган. 2021 йилдан бошлаб эса метро кассаларидан жетонлар олиб ташланиб, бир марталик қоғоз чипталар жорий қилинди. Ҳар бир бекатга ишлатилган қоғоз чипталар учун махсус қутилар қўйилди. Бекатга кирган одам қоғоз чиптани ишлатиб бўлгач, махсус қутига ташлаб ўтади.

Хўш, бугунги кунда метро бекатларида қанча қоғоз чипта чиқиндига ташланади? Жетонлардан воз кечилишига сабаб нима?

ЎзА мухбири  Тошкент  метрополитен давлат  унитар корхонаси ҳаракат хизмати бошлиғи Султон Қодиров билан қилган суҳбати давомида юқоридаги саволларга жавоб олди.

– Ўтган йилдан бошлаб метрода жетон хизмати олиб ташланди. Бунга сабаб нимада?

– Вазирлар Маҳкамасининг 948-сонли буйруғига асосан 2021 йилнинг январь ойидан бошлаб  йўлкира ҳақини автоматлаштириш тизимига  ўтдик. Барча йўловчилар учун транспорт карталари жорий қилинди. Энг биринчи навбатда жетонлардан воз кечилди. Пандемия шароитидан кейин жетонларни қўлдан-қўлга ўтиши вирус юқишига сабаб бўлиши айтилгач, уларни муомаладан олиб ташлашга қарор қилдик.

– Бир марталик қоғоз чипталар ва улардан фойдаланиш муддати ҳақида ҳам маълумот бериб ўтсангиз?

– Шаҳримиз меҳмонлари ҳамда метрополитен хизматидан камдан-кам ҳолларда фойдаланадиган йўловчилар учун бир марталик  қоғоз чипталарни жорий қилдик. Бу чипта қайси бекатга борсангиз, ярим соат ичида фойдаланиш мумкин.

– Бир марталик қоғоз чиптанинг қандай афзаллик томонлари бор?

– Биз учун ҳеч қандай афзал томонлари йўқ, аксинча одамлар қоғоз чипталарни олиш учун баъзида 2-3 дақиқа касса ёнида туришга мажбур бўлади.  Ҳозир биз барча бекатлардаги йўловчилар ҳаракатланишини онлайн тарзда кузатамиз. Қайси бекатда одамлар кўп, қайси бирида кам, соатма-соат кузатамиз.

Айрим одамлар илгари «жетон олиб қўйсак, анча пайт фойдаланардик, шу яхши эди», дейишяпти. Биз транспорт картасининг афзалликларини одамларга тарғиб қилиб ОАВда жуда кўп чиқишлар қилдик. Афсуски, айрим одамлар бунга эътибор қаратмаяпти. Транспорт картасига бир марта пул ташлаб қўйсангиз ҳам вақтингиз тежалади, ҳам ёнингизда пул бўлмай қолган ҳолларда  бемалол манзилингизга етиб оласиз.

– Қоғоз чипталарга қанча маблағ сарфланади?

– Ҳар битта йўловчиларга кетадиган қоғоз чиптамиз бизга 8-9 сўмга тушади. Жетонга кетадиган маблағимиз қоғозга қараганда кўпроқ . Чунки ҳар куни жетонларни аппаратга туширишимиз учун битта ишчи ходим, уларни санаб, складга топшириш учун яна ходимлар керак бўларди. Жетонни ишлаб туриш жараёни одам ресурслари билан боғлиқ бўлган. Жетон муомаладан чиқарилганидан сўнг ишчиларни қисқартирдик.

– Бир кунда қанча қоғоз чиқиндига айланади?

– 43 та бекатимиз, 66 та сотув нуқталаримиз бор. Ўрта ҳисобда кунига 200 минг дона қоғоз ишлатилади. Йўловчиларнинг 45 фоизи бир марталик қоғоз чипталардан фойдаланишади. Бу қоғозларни атроф-муҳитга ҳеч қандай зарари йўқ. Чунки қоғозларни йиғиб,  утилизатор қилишдан олдин алоҳида контейнерга солиб қўйилади, ободонлаштириш ходимлари йиғиб кетишади.

Одамларни янгиликка ўргатиб олсак, қоғоз чипталардан фойдаланиш кунига 10 мингтадан ошмаслигига эришамиз. Бир кунда 400-500 одам ташийдиган бўлсак, шундан 0,5 фоизи қоғоз чипталардан фойдаланилса, етади, деган мақсадни кўзлаяпмиз.

 

Нигора Раҳмонова,ЎзА