Давлатимиз раҳбарининг Наманган вилоятига ташрифи чоғида берилган топшириқлари ижроси, қолаверса, маънавият ва маданият соҳасига қаратилаётган эътиборнинг амалдаги ифодаси сифатида Наманган шаҳрида янги ташкил этилган вилоят қўғирчоқ театри биноси фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан тантанали маросим ўтказилди. Пойтахтдан ва қўшни вилоятлардан келган меҳмонлар, нуронийлар, кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар иштирокидаги тадбирда Наманган вилояти ҳокими, сенатор Шавкат Абдураззоқов, Республика маданият вазирининг биринчи ўринбосари Авазхон Тожихонов кейинги йилларда соҳага қаратилаётган эътибор, хусусан, Наманган тарихида илк бор ташкил этилган Қўғирчоқ театрининг аҳамияти хусусида сўз юритди.
Ёш истеъдод соҳиблари тайёрлаган театрлаштирилган кўринишлар, қувноқ рақслар, айниқса, паҳлавонларнинг чиқишлари олқишланди.
– Театримиз очилиши санъат шайдолари, айниқса, болажонлар учун чинакам туҳфа бўлди, – дейди Наманган вилояти қўғирчоқ театри директори Озода Усмонова. – Маданият ошёнининг қурилиш ва жиҳозлаш ишларига давлат бюджетидан 18 миллиард 800 миллион сўм маблағ сарфланди. Ўйлайманки, замонавий қўғирчоқ театри ёш авлод таълим-тарбиясида муҳим аҳамият касб этади. Меҳмонларга янги театримизда илк саҳна асари – Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо қаламига мансуб "Алишер Навоий ва Ҳусайннинг ёшлиги" спектакли намойиш этилди.
[gallery-15914]
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат),
ЎзА мухбирлари