Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қодирийнинг табаррук ёди
23:18 / 2021-10-04

Пойтахтимиздаги Абдулла Қодирий мемориал музейида улуғ романнавис адиб хотирасига бағишланган адабий-бадиий, маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Унда вазирлик ва идоралар раҳбарлари, таниқли фан, санъат, маданият арбоблари, олий ва ўрта махсус таълим муассасалари ректорлари, талаба ва ўқувчилар иштирок этди.

Абдулла Қодирий шахсиятининг феномени шундаки, маърифатпарвар ижодкор мустабид тузумнинг маккор режасини, бу заминга тиккан очкўз назари аслида қандай мудҳиш ва шум ниятларни кўзлаётганини башоратгўйлардек олдиндан аниқ-равшан кўра билган.

Тадбирда ўзбек адабиёти ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган атоқли адиб Абдулла Қодирий порлоқ хотираси, ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ тарихий воқеликлар хусусида сўз юритилди.

Адабиётшунослар фикрича, Абдулла Қодирий ижод намуналари миллатпарварлик, маърифатпарварлик руҳи билан аҳамиятлидир. Муаллиф халқнинг забун ҳолатидан куйиб сўзлайди, миллатни уйғонишга даъват этади, фикрлашга чорлайди

ХХ аср янги ўзбек адабиётининг улкан намояндаси, ўзбек романчилигининг асосчиси бўлган адиб ижодий мероси ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш борасида муҳим аҳамиятга эгадир.

Айрим тарихий манбаларга кўра, бундан роппа-роса 83 йил илгари, 1938 йил 4-7 октябрда миллатимизнинг бир қатор фидойи маърифатпарварлари, улкан истеъдод соҳиблари, Ватан, эл-юрт равнақи, озодлиги, тарафдорлари, қалби ва онги уйғоқ, тафаккур тараққиётига чанқоқ жадидлар, шу жумладан, Абдулла Қодирий ҳам шафқатсизларча қатл этилган.

Уларнинг табаррук ёдини азиз билиш, порлоқ хотирасига эъзоз-эҳтиром кўрсатиш биз авлодларнинг маънавий ва инсонийлик бурчимиздир!

Тадбирда театр актёрлари томонидан Абдулла Қодирий асарлари асосида турли саҳна кўринишлари, миллий рақслар намойиш этилди.

Ушбу тадбир доирасида Ўзбекистон Бадиий академияси Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг иқтидорли талабалари ўртасида Абдулла Қодирий ҳаёти ва ижодига бағишланган сюжетлар яратиш бўйича ижодий танловга старт берилди.

13 октябрь куни Тошкент Фотосуратлар уйида танлов иштирокчиларининг “Абдулла Қодирийнинг ибратли издошлари” деб номланган кўргазмаси очилиши режалаштирилган.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов иштирок этди.

Н.Усмонова, ЎзА