Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қодирийнинг бедор руҳи
21:53 / 2024-04-10

Абдулла Қодирий асарлари — миллий руҳиятимиз, табиатимиз, ўзлигимиз, халқимиз бошига тушган оғир кунларнинг, яқин ўтмишнинг кўзгуси. Ўзбек романчилик мактабининг асосчиси таваллуд топганига бугун 130 йил тўлди.

Юртимизда адиб асарлари кириб бормаган хонадоннинг ўзи топилмайди.

Маълумотларга кўра, Абдулла Қодирий 1894 йил 10 апрелда Тошкент шаҳрида туғилган. ХХ аср янги ўзбек адабиётининг улкан намояндаси, ўзбек романчилигининг асосчиси бўлган адиб ўтган асрнинг 20 йилларидаги муҳим ижтимоий-маданий жараёнларнинг фаол иштирокчиси саналади.  

Қодирий Мусулмон мактабида (1904—06), кейинчалик рус-тузем мактабида (1908-12), Абулқосим шайх мадрасасида (1916—17) таълим олган. 1925—26 йилларда Москвадаги адабиёт курсида ўқиган.

Қайд этилишича, Абдулла Қодирий Эски шаҳар озиқа қўмитасининг саркотиби (1918), «Озиқ ишлари» газетасининг муҳаррири (1919), Касабалар шўросининг саркотиби (1920), «Муштум» журнали ташкилотчиларидан ва таҳрир ҳайъати аъзоси (1923—26) бўлган.  

«Тўй», «Аҳволимиз», «Миллатимга», «Фикр айлагил» каби шеърлари, «Бахтсиз куёв» драмаси, «Жувонбоз» ҳикояси ёзувчининг дастлабки асарларидир (1914-15).

Шунингдек, Қодирийнинг «Улоқда» ҳикояси (1916), «Калвак Махзумнинг хотира дафтаридан», «Тошпўлат тажанг нима дейдир?» (1920) каби сатирик ҳикоялари адабиёт мухлисларига яхши таниш. «Ўткан кунлар» (1924-26), «Меҳробдан чаён» (1929) романлари, «Обид кетмон» (1934) қиссаси ёзувчининг улкан маҳоратини ўзида мужассам этган.

Абдулла Шуносийнинг «Физика» (1928), Н. В. Гоголнинг «Уйланиш» (1935), А. П. Чеховнинг «Олчазор» (1936) асарларини ўзбек тилига таржима қилган. Абдулла Қодирий 1926 йилда «Муштум»да босилган «Йиғинди гаплар» мақоласи туфайли қисқа муддат қамалган. 1937 йилнинг 31 декабрида эса «халқ душмани» сифатида иккинчи бор қамоққа олиниб, 1938 йил 4 октябрда Тошкент шаҳрида отиб ташланган.  

Қодирий зулмга, мустабид тузум кирдикорларига муросасиз бўлгани унинг асарларида яққол акс этади. Халқимиз ҳаётини борича, холис, ҳаққоний ифода этиш билан бирга ХIX аср охири, XX аср бошидаги Туркистон ўлкасидаги тарихий, сиёсий, ижтимоий муҳитни рўй-рост акс эттиргани боис «Ўткан кунлар», «Меҳробдан чаён» асарлари хорижий давлатларда ҳам катта қизиқиш билан ўрганилади. Абдулла Қодирий асарларидаги ғояларнинг ўлмас ва долзарблиги боис ижодкор вафотидан кўп йиллар ўтиб, ўзи орзу қилган истиқлол даврида — 1991 йилда Алишер Навоий номидаги Республика Давлат мукофоти совриндори, «Мустақиллик» орденига сазовор бўлган.

Кейинги йилларда Қодирий хотирасини эъзозлаш мақсадида янги ташаббусларга қўл урилди. Президентимиз ғояси асосида Тошкентнинг Самарқанд дарвоза мавзесида Қодирий яшаган хонадонда унинг уй-музейи, шаҳарнинг марказий қисмида уй-музей, ижод мактаби, атоқли адиб ҳаёти ва ижодига оид мемориал музей мажмуаси бунёд этилди.  

Шу кунларда адиб уй-музейи, унинг номи билан аталувчи ижод мактабида Қодирий фаолияти, асарларига бағишланган адабий тадбирлар, анжуманлар ўтказилмоқда.

Буларнинг бари Абдулла Қодирий хотирасига, бетакрор ижодига, унинг мудом бедор руҳига бўлган чексиз эҳтиромнинг амалий ифодасидир.  

Н.Усмонова, ЎзА