Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қодирий хазинаси
14:58 / 2024-03-04

Янги китоблар

“Абдулла Қодирий қолдирган хазина”. Бежиримгина ушбу китоб шундай номланган. 

Ўқувчи Абдулла Қодирий номини ўқиши билан китобга қизиқиш билан қараши бор гап. Чунки унинг кўз ўнгида Отабек, Кумуш, Анвар ва Раъно каби бетакрор образлар кино лентадек ўта бошлайди. 

Ўқувчи ёзувчини, гарчи шахсан танимаса ҳам, асарларини ўқиб, қандай шахс эканини ғойибона билиши, тасаввур қилиши мумкин. Аслида эса ёзувчи ўз асарларида асосан ўз табиатини, руҳиятини тасвирлайди. 

Буюк адиб Абдулла Қодирийнинг ҳар бир асари ҳам ҳаёт мактаби, ҳам адабиёт мактаби, десак муболаға қилмаймиз. Унинг асарларини ҳар ўқиганда инсон ўзи учун янги қирраларни кашф этади. Адибнинг қаламига мансуб “Ўтган кунлар”, “Меҳробдан чаён” ва “Обид кетмон” асарлари ҳар бир китобхонни ўзига ром этгани ҳам бор ҳақиқат. Ҳар уч асар мавзу ва қаҳрамонлар жиҳатидан бир-бирига боғланган эмас, лекин улар бир онг ва бир руҳиятда пишиб етилган. Шу маънода ушбу асарлар яхлитлик касб этган, бир-бирини тўлдирган. 

Адибнинг оиласида дунёга келиб, ўсиб- улғайган набираси Шеркон Қодирийнинг бобоси яратган асарларга янгича қараши ва у кашф этган қирралар, албатта, китобхонлар учун қизиқарли, қадрлидир. Китоб муаллифининг айтишича, асарни камида беш маротаба ўқиш керак. Чунки ҳар сафар ўқиганда, албатта, янги тасаввурлар намоён бўлаверади. 

Китобнинг сўзбошисида муаллиф шундай ёзади: “... раҳматли устоз Тоҳир Малик “Бобонгиз асарларидаги қаҳрамонлар тасвири ва асардаги табиат манзаралари ҳақида ҳам тўхталинг” деб маслаҳат бергандилар. 

Шеркон Қодирий узоқ изланишлар натижасида зиёли инсонлар маслаҳати билан ушбу китобни ёзишга эришди. Уч бўлимдан ташкил топган китобда Абдулла Қодирийнинг ҳар учта асари ҳақида сўз боради. Биринчи бўлимда “Ўтган кунлар”, иккинчи бўлимда “Меҳробдан чаён” ва учинчи бўлимда “Обид кетмон” асарлари, ундаги образлар характери, табиат манзаралари ва ёзувчи томонидан ишлатилган ҳикматлар ва иборалар алоҳида изоҳланади. 

Шеркон Қодирий отаси хотираларидан бирини шундай эслайди: “Бобонгнинг ижоди мисоли узукка қўйилган бир нодир тош. Афсуски, ҳозирги авлод бунинг қандай қимматбаҳолигини билишмаяпти-да”, деб ўкингандилар”. 

Ўқувчи китоб мутолааси чоғида ўзи учун янги қирраларни илғаши мумкин. Бунинг учун ҳар учта асарни ва янги ушбу китобни бирдек солиштириб, қиёслаб ўқиш янада кўп маълумотларга эга бўлишга замин яратиши мумкин. 

Асрор Сулаймонов, ЎзА