Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази БМТнинг Қочоқлар ишлари бўйича агентлиги билан ҳамкорликда Қочоқлар мақоми тўғрисидаги Конвенция (1951 йил) билан таништириш бўйича онлайн семинар ўтказди.
Қочоқлар мақоми тўғрисидаги Конвенция (1951 йил), қочоқларни ҳимоя қилиш бўйича халқаро ҳуқуқий стандартлар ва ратификациядан кейинги мажбуриятлар ҳамда ратификация қилишнинг турли хил амалиётлари билан таништириш мақсадида ташкил этилган тадбирда иштирокчиларга инсон ҳуқуқлари ва қочоқларни ҳимоя қилиш бўйича мавжуд тузилма, 1951 йилдаги Конвенция ва 1967 йилдаги Баённоманинг асосий қоидалари, шунингдек, 1951 йилдаги Конвенцияни ҳимоя қилиш механизмлари ва интеграциялаш ҳақида маълумот берилди.
Иштирокчилар 1951 йилдаги Қочоқлар мақоми тўғрисидаги Конвенция, қочоқларни ҳимоя қилиш бўйича халқаро ҳуқуқий стандартлар ва Конвенцияга қўшилган давлатларнинг мажбуриятлари, унга қўшилиш амалиётининг турли кўринишлари, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қочоқлар манфаатларида ҳукуматнинг роли билан танишди.
Акмал Саидов қочоқлар муаммоси ўта жиддий масала эканлиги ҳамда бу муаммо одамларни асосий ҳуқуқларидан маҳрум қилиши ва уларнинг жамиятда тўлиқ иштирок этишига ва ҳисса қўшишига тўсқинлик қилишини таъкидлади. Қочоқлик инсоннинг таълим олиши, соғлиқни сақлаш, расмий бандлиги, мулк ҳуқуқлари, ҳаракат эркинлигига таъсир қилиши мумкинлиги қайд этилди.
Н.Насриев, ЎзА