Қарор ва ижро
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 февралдаги “Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш ва бандлигини таъминлашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ишбилармонлик қобилиятини намойиш этмоқчи, ўз бизнес лойиҳасини рўёбга чиқаришни истаган йигит-қизлар учун дастуриламал вазифасини ўтамоқда.
Бухоро вилояти Қоракўл туманининг “Дўстлик” маҳалласида яшовчи Маруфбек Шарипов автомобилларга хизмат кўрсатиш билан шуғулланиб келади. Маҳалладаги ҳоким ёрдамчисининг кўмаги билан “Бизнесга биринчи қадам – ёшлар учун” лойиҳаси доирасида “Алоқабанк” томонидан 70 миллион сўм имтиёзли банк кредити ажратилди. Банк кредити ҳисобига қўшимча жиҳозлар олиб келиб фаолиятини кенгайтирди. Ҳозирги вақтда Маруфбек Шариповнинг нафақат Қоракўл, балки, қўшни туманларда ҳам мижозлари талайгина.

– Ҳар жабҳада ташаббускор, маҳалладошларни моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида 2025 йилда бизга умумий қиймати 2,5 миллиард сўм миқдоридаги банк имтиёзли кредит сармояси ажратилган, – дейди туман ҳокимининг “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинидаги ёрдамчиси Мехрож Ҳимматов. – Бугунги кунга қадар шундан 1 миллиард 200 миллион сўм маблағ молиялаштирилган. Бу маблағ ташаббускорга расмийлаштириб берилгани натижасида турли жабҳада кичик цех кўринишида лойиҳалар ишга туширилиб, даромад манбаи яратилгани қувонарли, албатта. Жорий йилнинг бугунги даврига қадар маҳаллада 27 микролойиҳа, 21 та оилавий тадбиркорлик ташкил этилди.
Туманда аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, хотин-қизларнинг иқтисодий, ижтимоий фаоллигини ошириш бўйича ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда. Шундай яратилган шароитлардан самарали фойдаланиб маҳаллада ҳам Латофат Шокирова бошчилигида “Султана” аёллар гўзаллик салони фаолият бошлаганига кўп вақт бўлмади.

Аҳамиятли жиҳати, бугунга келиб тадбиркорлик субъектида 5 нафар хотин-қиз бандлиги таъминланмоқда. Бизнес тамойилига кўра, “Султана” аёллар гўзаллик салони ҳар бир мижозни салоннинг муҳим меҳмони деб билади. Бунда соч турмаклаш, макияж, маникюр-педикюр хизматлари йўлга қўйилган бўлиб, юзга яқин турдаги келинлар либослари ҳам бисёр қилинган.
– Бундан ўн йил олдин туман марказидаги гўзаллик салонида ишимни шогирд сифатида бошлагандим, – дейди Латофат Шокирова. – Бир вақтнинг ўзида ҳам ишлаб, ҳам ўрганишимга тўғри келди. Ишимиз ҳар доим ўзимиз истаганимиз каби кечмаган, кўп қийналганмиз. Аммо, ортга чекинмаганим боис бугунги натижаларга эришдим. Эндиликда шогирдлар сонини яна кўпайтириб, хотин-қизларга хизмат кўрсатиш, моддий манфаатдорликни оширишни ният қилганмиз.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.