Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ташаббуси билан пойтахтимиздаги Tashkent City боғида жойлашган Open Аir концерт мажмуасида “Илм – саодат калити” шиори остида ўтказилаётган республика “Қизларжон” анжуманининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Унда Олий Мажлис Сенати, Халқ таълими вазирлиги, ва қатор ташкилот вакиллари иштирок этди. Таъкидланганидек, 2019 йилдан буён юртимиздаги барча умумтаълим мактабларида “Қизларжон” клублари ташкил этилган. Унга лидерлик, ижтимоий-сиёсий фаоллик, маънавий-ахлоқий тарбияни юксалтириш, касб-маҳоратини ошириш мақсадида 38 минг нафар ўқувчи-қиз қамраб олинган. Уларнинг 120 нафари айни вақтда модератор сифатида фаолият юритиб келмоқда.
Анжуманда иштирок этган Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Қодирхонова жамиятимизда хотин-қизларнинг ўрни ва иштирокини янада кучайтириш масаласи доимий эътиборда эканини таъкидлади.
Жумладан, юртимизда йўлга қўйилган гендер тенглик тамойиллари асосида бугун жамиятимиздаги қатор муаммоларни ҳал этишда хотин-қизларнинг иштироки ва ташаббускорлиги ортиб бораяпти.
140 нафар ўқувчи-қизларни қамраб олган мазкур анжуман доирасида қизларнинг замонавий билим ва кўникмаларини ривожлантириш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, касб-ҳунарга ўргатиш, умумтаълим мактабларидаги “Қизларжон” клублари фаолиятини такомиллаштириш бўйича зарур тушунча ва тавсиялар берилади.
Икки кун давом этадиган анжуманда ўқувчи-қизлар учун замонавий касблар бўйича “Тошкент халқаро аэропорти: Стюардессалар фаолияти билан танишиш”, “Келажак касблари: IТ ва фрилансерлик: Тошкент IТ парки (саёҳат)”, “Тошкент давлат иқтисодиёт университети: “Шахс протоколи”, замонавий туризм ва хизмат кўрсатиш мавзусида маҳорат дарслари ташкил этилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати Раиси иштирокида ўтказиладиган учрашувда ўқувчи-қизлар томонидан “Маҳаллий муаммоларни ҳал этишда хотин-қизлар иштироки” мавзуси бўйича лойиҳалар тақдимоти ўтказилиши режалаштирилган.
Пойтахтимиздаги “МISS Lighting” (қандиллар) савдо компаниясига қилинган саёҳат давомида ўқувчи-қизлар касб-ҳунар бўйича алоҳида маълумотларга эга бўлади.
Шунингдек, Тошкент давлат педагогика университети “Психология” кафедраси доценти Наргис Отабоева, Педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази таянч докторанти Дилфуза Рўзиматова, Халқаро ислом академияси педагогика фанлари бўйича олимаси Азиза Турғунова билан ташкил этилажак учрашувлар ҳам турли фикр-мулоҳазаларга бой тарзда ўтиши кутилмоқда.
Тадбирлар доирасида ўтказиладиган олима аёллар иштирокидаги учрашувларда турли соҳаларга оид тавсиялар ва маълумотлар ўқувчи-қизларнинг илм-фанга бўлган интилиш ва изланишини оширишга хизмат қилади.
Н.Усмонова, ЎзА мухбири