Ўзбек рақс санъати оғир жудоликка учради. Таниқли раққоса, ўзбек рақс санъатида ўз мактабини яратган инсон, Ўзбекистон халқ артисти Қизлархон Дўстмуҳаммедова 77 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Маданият ва туризм вазирлиги хабар қилмоқда.
Қизлархон Дўстмуҳаммедова 1946 йилнинг 25 октябрида Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Дастлаб 1965 йилда Тошкент давлат университети (ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети)ни, 1977 йилда Тошкент театр ва рассомчилик санъати институти (ҳозирги Санъат ва маданият институти)ни тамомлаган.
Меҳнат фаолиятини 1965 йилда Муҳиддин Қори Ёқубов номидаги Ўзбек давлат филармонияси балет солисти сифатида бошлаган ва 1989 йилга қадар фаолият олиб борган. Кейинроқ “Ўзбекистон” театр-студияси солисти (1989-1991), Тошкент давлат маданият институти “Халқ мусиқаси” кафедраси ўқитувчиси (1991-1995), Халқаро “Олтин Мерос” хайрия жамғармаси қошидаги миллий мумтоз рақс дастасининг бош бадиий раҳбари сифатида (1999-2005) фаолият юритган.
Қизлархон Дўстмуҳамедованинг рақслари нафис ва жозибали ҳаракатларга бойлиги билан ажралиб турар эди. “Гўзал”, “Тонг маликаси”, “Гўзал тонг”, “Интизор”, “Бухоро юлдузи”, “Севги таронаси”, “Нозли” каби замонавий, шунингдек, “Муножот”, “Тановар”, “Мўғулчаи сегоҳ”, “Қоракўзим”, “Гулузорим”, “Савти мискин” мумтоз рақслари билан машҳур эди.
“Шашмақом” телефильмида қатнашган (1972), “Тановар” рақс ансамбли (Сиэтл, AҚШ)да ўзбек рақсларини саҳналаштирган. AҚШ, Жазоир, Франция, Германия, Тунис каби мамлакатларда гастроль сафарларида бўлган. Қизлархон Дўстмуҳамедова ижодига бағишлаб, 1985 йилда “Нафосат гулдастаси” номли фильм ишланган. 2000 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонига кўра, “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланган.
ЎзА