French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қизларгул опа ўзини ўзи банд қилгани учун пенсия олади
15:55 / 2021-04-06

Қизларгул опа ёшлигидан тикувчилик ҳунарини пухта эгаллаган.

Шу сабабли, маҳалласидаги хотин-қизлар унинг олдига  шу ҳунар сир-асрорини ўрганиш учун келишади. Қизларгул опа маҳалласидаги ва қўшни маҳаллалардаги минглаб хотин-қизларга соҳа сирларини ўргатган. Қолаверса, маҳалладошларининг кийим-кечагини тикади. Меҳнати эвазига даромад топади.                                              

Аммо Қизларгул опанинг бир армони бор.                                                        

– Мен йиллар давомида шу ҳунарим ортидан минглаб шогирдлар чиқардим, оила тебратдим, тўйлар қилдик, – дейди ғаллаороллик Қизларгул Эрназарова. – Мана ёшим 55 га яқинлашаяпти.  Аммо маълумотим йўқлиги туфайли тенгдошларим каби давлат ишида ишламадим. Шу туфайли пенсия ёшига етганимда нафақага чиқа олмаяпман.                                                                                  

Ҳамюртларимиз орасида Қизларгул опа сингари доимий иш ҳақига эга бўлмаган, бироқ ўз ҳунари билан турли мавсумий меҳнат билан банд бўлган ёки оиласида томорқа билан шуғулланиб, даромад топганлар кўпчиликни ташкил этади. Бироқ яқингача уларнинг фаолияти ҳеч қаерда қайд этилмасди. Бу эса пенсия ёшига етганда нафақа тайинлаш учун талаб қилинадиган меҳнат стажи йўқлиги муаммосини келтириб чиқарарди.  

Президентимизнинг 2020 йил 8 июндаги «Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан ана шундай ўзини ўзи банд қилган фуқароларга қатор енгилликлар яратилди. Жумладан, 2020 йил 1 июлдан бошлаб ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари 25 тадан 68 тага кўпайтирилди.                            

Дарҳақиқат, сўнгги вақтларда «ўзини ўзи банд қилиш» атамаси тез-тез тилга олинмоқда. Аслида, бугунгача ҳам халқимиз бундай фаолият турлари билан шуғулланиб келган. Ҳунармандчилик, устачилик, заргарлик, новвойлик, дурадгорлик, сартарошлик каби касб эгалари шулар жумласидан. Энди эса бундай фаолиятга ҳуқуқий баҳо берилди. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 июлдаги «Ўзини ўзи банд қилган фуқаролар учун вақтинчалик меҳнат гувоҳномасини жорий этиш тўғрисида»ги қарори билан «Ўзини ўзи банд қилган фуқароларга вақтинчалик меҳнат гувоҳномасини бериш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланди.

Ўзини ўзи банд қилган шахсларни рўйхатга олишда гувоҳнома бериш бекор қилиниб, 2020 йил 1 июлдан бошлаб бепул ва хабар бериш тартибида рўйхатдан ўтказиш тизими жорий этилди.

       Ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг даромадига солиқ солинмайди, лекин Пенсия жамғармасига жорий йил якунига қадар 245 000 сўм ижтимоий солиқ тўласа, йиллик стаж берилади.                                                    

Аҳолини тадбиркорликка янада кенг жалб қилиш орқали ўзини ўзи банд қилган шахсларни жорий йил якунига қадар бир миллион нафарга етказиш бўйича аниқ режа белгилаб олинди.

Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати берган маълумотга кўра, жорий йил 30 март ҳолатига 698,9 минг нафар фуқаро ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида солиқ органларида ҳисобга олиниши таъминланди.

– Энди орзуимга етишимга оз қолди, –дейди ғаллаороллик Қизларгул Эрназарова. – Мен ўзини ўзи банд қилган инсон сифатида солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали рўйхатдан ўтдим. Ҳозир менга пенсия жамғармасидан йиллик стаж берилмоқда. Мен ҳам энди бошқалар сингари ёшга доир нафақа оламан. Бундан жуда хурсандман.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА