Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида “Тадбиркор қизлар” бизнес марафони ўтказилди.
Хотин-қизларнинг қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ва бандлигини таъминлашга кўмаклашиш, уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш ҳамда молиявий мустақиллигини таъминлаш мақсадида ташкил этилган тадбирда ишбилармон қизлар ва соҳага қизиқувчи ёшлар иштирок этди.
Бизнес марафонда дастлаб “Тадбиркорнинг муваффақият формуласи: билим, тажриба, малака, натижа уйғунлиги” сессиясида машғулотлар ўтказилди.
Унда “Аёл учун” платформаси ва “Imkon Uzbekistan” IT компанияси асосчиси Маҳлиё Тожиева, “Influencer Awards O‘zbekiston-2023” номинацияси ғолиби, фрилансер Дилшод Ҳамроeв ўз тажрибалари ҳақида гапириб, тадбиркорликни бошламоқчи бўлган хотин-қизлар эътибор қаратиши лозим бўлган масалаларга тўхталди.
“Молиявий саводхонликни ривожлантириш – тадбиркорлик фаолиятини бошлашнинг илк компоненти” мавзуидаги сессияда ҳам етакчи тадбиркор хотин-қизларнинг мотивацион маърузалари тингланди. Интерфаол усулларда машғулотлар ўтказилди. “Arabbayevna art”, “Zina” бренди ва “ma.vi_colleksiyasi” асосчиси Мафтуна Султонмаҳмудова бу борада тадбир иштирокчиларига ўзига хос мастер-класс ўтди.
Марафон давомида қизлар бизнес лойиҳа ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларига тренерлардан батафсил жавоб олдилар.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари